Сурхондарё вилоятида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланди.
Шу муносабат билан Термиз шаҳридаги “Азизбек” тантаналар саройида бўлиб ўтган асосий байрам тадбирида вилоят ҳокими Тўра Боболов иштирок этиб, жамиятимиз гултожларини баҳорнинг илк айёми – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклади. Ватанимиз тараққиёти, воҳа ривожига қўшаётган улкан ҳиссаси ҳақида атрофлича фикр юритди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаб, жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айлангани қайд этилди.
–Президентимиз раислигида жорий йилнинг 1 март куни Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди, – деди Тўра Боболов. – Йиғилишда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилгани маълум қилинди. Бу янгилик сизларнинг ҳаётингизда янги босқични бошлаб берди. Шунга мувофиқ эндиликда вилоятимизда ҳам хотин-қизларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини янада ошириш, бандлик масаласини ҳал этиб, тадбиркорлик билан шуғулланишига кўмаклашиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда муҳим вазифалар белгилаб олинди. Мақсадимиз – сизларнинг бугунги ҳаётдан рози бўлиб яшашингиз учун барча шароитларни яратиб беришдан иборат. Ана шундай эзгу йўлда биз, катта-кичик раҳбарлар ҳамиша хизматингизда бўламиз. Зеро, Сизларнинг бахтиёр ҳаётингиз бутун жамиятимизга бахту-саодат нурини улашади. Бахти бутун жамият тинч, тўкин ва обод бўлади.
Вилоятда 1 миллион 360 минг хотин-қиз истиқомат қилмоқда. Уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаб, ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида “Аёллар дафтари”га 59 минг хотин-қиз киритилиб, уларнинг 34 минг 887 нафарига манзилли ёрдам кўрсатилди. Уй-жойи мавжуд бўлмаган 1 минг 996 хотин-қиз турар-жой билан таъминланиб, ижара компенсацияси тўлаб берилди. Биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган 356 хотин-қизнинг уй-жойи таъмирланди. Боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож, шунингдек, қарамоғида ногирон болалари мавжуд 11 мингга яқин хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилди.
Давлат ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган опа-сингиллар, мунис онахонлар, тадбиркор хотин-қизларнинг самарали меҳнати қадрланиб, уларнинг ташаббсукорлиги ва оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, келажагимиз эгаларини она Ватанга муҳаббат, юртга садоқат миллий қадриятларимизга чексиз ҳурмат рухида тарбиялашдаги хизматлари алоҳида эътироф этилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 5 мартдаги фармони билан 7 нафар хотин-қиз давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди. Байрам арафасида икки нафар истеъдодли, изланувчан қиз Зулфия номидаги Давлат мукофотига, 17 нафар хотин-қиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига сазовар бўлди.
Маросимда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони ўз соҳибаларига тантанали топширилди. Ибратли ҳаёти ва турли соҳалардаги фидокорона меҳнати учун бир гуруҳ фидойи хотин-қизлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам тадбири тўкин, серфайз дастурхон атрофида давом этди. Она, тинчлик, баҳор, меҳр-муҳаббат ва садоқатни улуғловчи куй-қўшиқлар барчага бир олам қувонч улашди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА