Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти раиси, сенатор Абдуғани Сангинов “Тўпаланг ГЭС” да якунланган модернизация ишлари билан танишди.
Электр энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш учун Сариосиё туманидаги “Тўпаланг ГЭС” 75 миллион 400 минг евро маблағ эвазига модернизация қилиниб, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Сўнгги синов ишлари олиб борилаётган шу кунларда гидроэлектр станцияси 64 мВт электр энергияси ишлаб чиқариб, тармоққа узатмоқда. Бу энергия воҳадаги 36 мингдан ортиқ хонадонни экологик тоза электр энергияси билан таъминлаётир.
Синов ишлари тўлиқ якунлангач, гидроэлектр станция тўла қувват билан ишга туширилиб, 175 мВт электр энергияси ишлаб чиқара бошлайди. Истеъмолчиларга йилига 467 миллион кВт∙соат электр энергияси узатиб, 126,2 миллион куб– метр табиий газни тежайди.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти раиси, сенатор Абдуғани Сангинов ва тажрибали мутахассислар вилоят раҳбарига шу ҳақда атрофлича маълумот берди. Энергия тақчиллигининг олдини олишга кўмаклашишдаги аҳамияти ҳақида фикр алмашди. Улуғбек Қосимов янги ўрнатилган технологияларнинг иш жараёнларини кузатди. Улардан самарали фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА