Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Тўпаланг дарёси ўнг қирғоғидан бронзадан қуйма услубда ясалган от ҳайкалчаси топилди.
– Дарёнинг Алишер Навоий номли маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан илгарироқ Мирзо Улуғбек зарб эттирган тангалар топилгани хабар қилинган эди, – дейди вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси масъул ходими Бекзод Ўрақов. – От ҳайкалчаси ҳам ана шу ердан топиб олинган бўлиб, у келгусида ҳудуд тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Термиз археология музейига топширилган от ҳайкалчаси мутахассислар томонидан чуқур ўрганилиб, дастлабки хулоса берилди.
Мутахассисларнинг аниқлашича, 91,57 грамм ўлчамга эга бронза от ҳайкалчаси Тўпаланг дарёси ичида Мирзо Улуғбек номидан XV асрга оид тангалар билан бир жойдан топилгани учун шу аср билан даврийлаштирилди. Келгусида бу ерда олиб бориладиган тадқиқот ишлари мазкур топилма санасини янада ойдинлаштиради.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА