Томошабинлар олқишига сазовор бўлди
Сайхунобод туманида футбол ва мини-футбол бўйича ташкил этилган “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги–2026”нинг туман босқичи ҳақиқий спорт байрамига айланиб кетди. Маҳаллалардан шакллантирилган жамоалар иштирок этган беллашув ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги, жамоавий ҳамжиҳатлиги ва ғалабага бўлган интилишини яна бир бор намойиш қилди.
Турнир давомида майдонларда муросасиз ва шиддатли баҳслар кечди. Ҳар бир учрашувда футболчилар ғалаба учун сўнгги дақиқаларгача кураш олиб бориб, мухлисларга қизиқарли ва драматик ўйинларни тақдим этди. Айниқса, мини-футбол беллашувларида ёшларнинг тезкорлиги, техник маҳорати ва тактик ҳаракатлари томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндор жамоаларни тақдирлаш маросимида қатнашган туман ҳокими Комилжон Муллажанов спорт тадбирларининг ёшларни ватанпарварлик, интизом ва матонат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. У бундай спорт анжуманлари маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Спорт байрамида Сайхунобод туманидан етишиб чиққан таниқли футболчи Даврон Ҳошимовнинг иштирок этиши ёшлар учун катта мотивация бўлди. Маҳоратли футболчи ёш спортчилар билан мулоқот қилиб, катта мақсадларга эришиш учун меҳнат, интизом ва доимий изланиш зарурлигини таъкидлади. Унинг самимий суҳбати иштирокчиларга янада руҳий куч ва ишонч бағишлади.
[gallery-29514]
Қизғин баҳслар якунига кўра, футбол бўйича “Фаровон” маҳалласи жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Ўғил болалар ўртасидаги мини-футбол баҳсларида “Пахтаобод” маҳалласи жамоаси ғолибликни қўлга киритган бўлса, қизлар ўртасида “Ўрикзор” маҳалласи жамоаси тенгсиз эканини исботлади.
Тантанали тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга кубок, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Энг муҳими, ушбу спорт тадбири орқали юзлаб ёшларда футболга бўлган қизиқиш янада ортди, майдонлардаги ҳамжиҳатлик ва дўстона муҳит эса спортнинг бирлаштирувчи куч эканини яна бир бор тасдиқлади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА