Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Томорқа хўжаликларида маҳсулот етиштиришни кўпайтириш орқали аҳоли даромадини ошириш, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини яратиш, шунингдек, ҳар бир туманда томорқа ер эгалари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш мақсадида:
1. Томорқада маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги қарз маблағлари қуйидаги босқичларда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда – Жамғарма) миллий валютада 4 йиллик имтиёзли давр билан 9 йил муддатга йиллик 2 фоиз ставкада йўналтирилсин:
1-босқичда – 50 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлар 2022 йил 1 январга қадар;
2-босқичда – 50 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлар 1-босқич маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги натижаларига кўра 2022 йил 1 июнга қадар.
2. Мазкур қарорнинг 1-бандида белгиланган маблағлар тижорат банкларига ресурс сифатида йўналтирилган ҳолда, томорқачилик лойиҳаларини кредитлаш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларида белгиланган шартлар асосида:
а) томорқа ер эгаларига:
қоида тариқасида, 100 бош парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси, интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйиш, шунингдек, ихчам иссиқхоналар, “дала дўконлари” қуриш, артезиан қудуқларини қазиш;
кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик;
полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик учун кредит ажратилади;
б) тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчиси) тавсиясига кўра “Томорқа хизмати” МЧЖларга уруғлик ва кўчат, мотокультиватор ва минитрактор, инкубатор харид қилиш ҳамда айланма маблағ учун 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.
Бунда, “Томорқа хизмати” МЧЖларга бериладиган кредитлар бўйича Жамғарма маблағлари гаров таъминоти сифатида қабул қилинади;
в) етакчи тадбиркорлик субъектларига аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратилади.
3. Белгилансинки, Жамғарма томонидан 2026 йил 1 январга қадар:
томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда субсидия берилади;
сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби амал қилади.
Бунда:
мазкур бандда белгиланаётган чора-тадбирлар учун 2022 йилда Жамғармага Давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилади;
сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 2026 йил 1 январга қадар ҳар йили Давлат бюджетидан Жамғармага маблағ йўналтирилади;
омборхоналарни жиҳозлаш, сотиб олинаётган қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК томонидан хулоса берилади.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисмига субсидия ажратиш тартибини тасдиқласин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимларига ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда қуйидаги янги вазифалар юклатилсин:
томорқа хўжаликлари билан агросаноат кластерлари, тайёрлов, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарни жалб этган ҳолда кооперация алоқаларини ташкил этишга кўмаклашиш;
аҳоли хонадонларида, қоида тариқасида, 100 бош парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси боқишни ташкил этиш;
маҳсулот етказиб берувчи ва хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рўйхатини шакллантирган ҳолда, жойларда “тарқатиш ва маҳсулотларни йиғиб олиш бўйича мобиль хизматлар” фаолиятини йўлга қўйиш;
“хонадонбай” ишлаш асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити ва ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда томорқа хўжаликларини “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш;
ҳар бир маҳаллада кооперация асосида парранда, қуёнчилик, қўй-эчкичилик, асаларичилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланиш истагини билдирган етакчи тадбиркорларни аниқлаш.
5. Қуйидагилар:
2022 йилда фаолияти кластер усулида ташкил этиладиган “Томорқа хизмати” МЧЖлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;
2022 йилда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини ишга тушириш прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузуридаги Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказларининг мавжуд штатлари доирасида аҳоли хонадонларида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича биттадан агроном штати ташкил этилсин.
7. “Агробанк” АТБ шахсий томорқалардан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида 2022 йил 1 апрелга қадар жисмоний шахслар учун мўлжалланган, аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини маркетплейс усулида сотишни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича онлайн маслаҳатлар кўрсатувчи махсус платформани ишга туширсин.
Бунда, “Агробанк” АТБнинг платформага уланиш ва хизматлардан фойдаланишни бепул қилиб белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
8. Белгилансинки, ҳар бир туманда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг масъул ходимларидан иборат (иш ҳақи сақланган ҳолда) хонадонларда паррандачиликни йўлга қўйиш бўйича юридик шахс мақомига эга бўлмаган доимий лойиҳа офиси ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б.Хусанов), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Б.Т.Норқобилов), “Паррандасаноат” уюшмаси (Б.И.Исаев), манфаатдор идоралар билан биргаликда:
бир ой муддатда хонадонларда паррандачиликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиқиб, хонаки паррандалар наслчилиги корхоналарини ташкил этсин;
2022 йилда жойлардаги эҳтиёжни ўрганиб ва ҳудудларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, Хитой, Россия ва бошқа мамлакатлардан хонаки парранда тухумларини олиб келиш ҳамда аҳолига тарқатиш чораларини кўрсин.
9. Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д.Кудбиев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б.Хусанов) ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда мазкур қарор доирасида ажратилган кредит ресурслари ҳисобига доимий ва барқарор даромад манбаига эга бўлган фуқароларга қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишларига кўмаклашсин.
10. Ҳоким ёрдамчиларига туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, томорқа ер эгалари, “Томорқа хизмати” МЧЖ ва бошқа тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда қуйидаги вазифалар юклансин:
уйма-уй юриш орқали томорқа ер эгаларининг ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини, шу жумладан, ерни тайёрлаш, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш, иссиқхоналар қуриш, чорва ва паррандаларни кўпайтириш ҳолатини, ушбу қарор доирасида томорқа ер эгалари, “Томорқа хизмати” МЧЖ ва бошқа тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини, шунингдек, мазкур шахслар ўртасидаги шартнома муносабатларига риоя этилишини даврий мониторинг қилиб бориш;
томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, аҳоли томорқаларини хизматлар билан қамраб олиш даражасини ошириш, шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини янада кўпайтириш.
11. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.А.Хаитов, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари билан биргаликда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланилиши бўйича ишларни манзилли ташкил этсин;
бир ой муддатда томорқа ер эгалари ва кооперацияларни маҳсулот ишлаб чиқаришнинг янги технологияларига ўргатиш, кооперация аъзоларининг ерларида агротехник тадбирлар мониторингини ўтказиш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш бўйича қисқа муддатли амалий ўқув машғулотларини ташкил этиш бўйича режа ишлаб чиқсин;
бир ой муддатда томорқа ерларида кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунавий технологик хариталарни, парранда, қуён, қўй ва эчки, асалари уялари, интенсив усулда балиқ боқиш, шунингдек, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш бўйича технологик тавсияларни ишлаб чиқсин ва ушбу йўналишларда интернет тармоғи орқали онлайн маслаҳат бериб борилишини йўлга қўйсин. Тижорат банклари кредитни расмийлаштириш жараёнида қарз олувчиларнинг ҳақиқий эҳтиёжини аниқлаш ва кредитни қайтариш муддатларини белгилашда технологик харита ва тавсияларни инобатга олсин;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Б.Т.Норқобилов), “Ўзбекчорванасл” агентлиги (Б.Т.Атамуратов), “Паррандасаноат” уюшмаси (Б.И.Исаев) билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир туманда ветеринария хизматларини кўрсатиш ва озуқа-ем тарқатиш, аҳолини ўқитиш марказларини ташкил этсин;
в) Бош прокуратура (Ш.Ж.Рахимов), Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А.Э.Бурханов), Ҳисоб палатаси (Б.Т.Турабов) мазкур қарор доирасида ажратилаётган маблағларнинг очиқлик ва ошкоралик тамойили асосида мақсадли ажратилиши ва сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатсин ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда “Ўзбекистон 24” ва “Маҳалла” телеканалларида томорқа хўжаликларида очиқ ва ёпиқ усулда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш борасида аҳолининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган телекўрсатувлар намойиш этилишини тизимли ташкил этсин.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар бир ҳудудда очиқ ва ёпиқ усулда сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳамда уларнинг экспортини ривожлантириш мақсадида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳалар сонини кўпайтириш учун маҳаллаларда тақдимотлар ва семинарлар ўтказилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
15. Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.А.Хаитов, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари С.М.Холхўжаев, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Х.М.Каримов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ш.М.Ғаниев ва Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 16 декабрь