Андижонда “Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари” мавзусида республика кўргазмали семинари бўлиб ўтмоқда.
Семинарда вазирликлар, республика ташкилотлари мутасаддилари, вилоятлар сектор раҳбарлари, вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари, туман, шаҳар ҳокимлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари ҳамда республикамиздаги оғир ҳудуд деб топилган маҳаллаларда иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари, тижорат банклари бошқарувчилари, Маҳалла уюшмаси туман, шаҳар бўлимлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Иштирокчилар эрта тонгдан Андижон шаҳрида кутиб олинди. Улар 7 та гуруҳга бўлинган ҳолда Андижон вилоятининг қатор маҳаллаларида аҳоли томорқаси ва ижарага олинган ерлардан самарали фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар билан бевосита танишмоқда.
Дастлаб семинар иштирокчилари Янги Андижон шаҳри ҳудудида ташкил этилган “Замонавий эко боғ”га рамзий дарахт экиш тадбирида иштирок этди. Улар томонидан мазкур боғга манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Шундан сўнг семинарнинг барча гуруҳлар аъзолари Президентимиз томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида Андижон туманидаги Садда таги маҳалласида аҳолига ижарага берилган ерларда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида тўқсонбости усулида экилган саримсоқпиёз етиштириш, ички бозорга етказиб бериш ва экспорт қилиниши жараёнлари билан танишади.

Шунингдек, мазкур маҳаллада ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, юқори даромад олаётган аҳоли хонадонларида бўлди.
Маҳалланинг Садда таги кўчасида яшовчи Нодирбек Тўполонов хонадонида 3 сотих майдонда иккита иссиқхона қурилган бўлиб, бирида помидор кўчати етиштирилмоқда. Иккинчи иссиқхонада эса редиска, укроп, кашнич сингари резавор маҳсулотлар етиштирилмоқда.

Хонадон соҳиби меҳмонларни айни кунда иссиқхонада олиб бораётган ишлари билан таништирди. Иссиқхонадан йил давомида бир неча марта ҳосил олиши, амалга ошираётган ишлари, маҳсулотларни қандай тартибда сотиши, олаётган даромади ҳақида гапириб берди.

Семинар иштирокчилари мазкур маҳалладаги хонадонларда томорқадан унумли ва самарали фойдаланиш, юқори даромад олиш тажрибалари билан танишди, хонадон эгалари билан мулоқотда бўлди.

Республика кўргазмали семинари давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари