Бухоро вилояти Қоракўл туманининг “Тожикент” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Зебо Қозоқова ўзининг меҳнатсеварлиги ва ташаббускорлиги билан маҳалладошларга ибрат бўлиб келмоқда. У томорқасидан унумли фойдаланиб, петрушка, кўк пиёз, кашнич, шивит каби кўкатларни етиштиришни йўлга қўйган.
– Ерга меҳр берсангиз, у сизни рози қилади. Ҳар бир экинга вақтида парвариш керак. Шунда ҳосилнинг чўғи баланд бўлади. Ҳозирда етиштирилган тайёр маҳсулотларимиз бозор расталарида харидоргир. Бу меҳнат оиламизга яхши даромад олиб келмоқда. Шуни орқасидан тўйлар қилдик, фарзандларни ўқитяпмиз, – дейди Зебо опа.


Маҳалладошлар ҳам Зебо опанинг ташаббусини қадрлашмоқда. Тожикент маҳалласида баракали томорқаси билан танилган Зебо Қозоқованинг фаолияти шуни кўрсатмоқдаки, меҳнатсевар инсон учун ер нафақат барака, балки яхшигина даромад манбаи ҳамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.