Япония пойтахти Токио шаҳрига кучли тўфон яқинлашмоқда. Шу боис ёзги Олимпия ўйинларининг эшкак эшиш бўйича мусобақалари қолдирилди. Бу ҳақда Kyodo агентлиги хабар берди.
“Непартак” тўфони Тинч океанидан Япониянинг шарқи ва шимоли-шарқига яқинлашмоқда. Япония миллий метеорология агентлиги хабар беришича, мамлакатнинг бир неча ҳудуди, жумладан, Олимпия ўйинлари ўтказилаётган Токиога тўфон ёпирилиши кутилмоқда.
Токиода шамолнинг тезлиги секундига 35 метргача, тўлкинлар баландлиги 6-8 метргача етиши мумкин. Табиий офатлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун Олимпиаданинг академик эшкак эшиш мусобақалари кейинга қолдирилди.