Ялпи мажлисда Сенат Раиси Т.Норбоева ҳудудларда электр энергияси ва газ муаммоси ҳақида гапирди.
– Интернет орқали Сенат ялпи мажлисини онлайн кузатиб бораётган аҳолининг фикрларини, саволларини таҳлил қилиб ўтирибман. Минглаб фойдаланувчилар томонидан газ ва электр энергияси муаммосини қачон ҳал қиласизлар, бизни, блогерлар ва журналистларни эшитасизларми ўзи, деган мурожаат бўляпти. Шу билан бирга камбағалликни қисқартира олмаяпти, ошиб кетяпти, деган гаплар ҳам бор. Албатта, эшитамиз, кузатамиз. Бу муаммоларни жуда яхши биламиз.
Бу бўйича оммавий ахборот воситалари олдида ваъда бераман, бизнинг тегишли қўмитамиз бу масалани кўриб чиқади, биргаликда кўриб чиқамиз. Олдинам кўриб чиққанмиз, лекин режа қиламиз, деб кўриб чиққанмиз. Аммо, ҳозир минглаб одамларнинг фикрларини инобатга олиб, бу масалани махсус ўрганиб чиқишни тегишли қўмитадан сўраймиз. Бу масала қўмитада танқидий кўриб чиқилади. Ялпи мажлисда тегишли идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитамиз.
Шунча ислоҳотлар нима учун аҳолига етиб бормаяпти? Нима сабаб газ, электр энергияси доим муаммо. Шу саволларга жавоб олишимиз керак. Тегишли мутасаддилар жавоб берсин. Маблағдан, бошқа ресурслардан муаммо йўқ ҳозир.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА