Исроил давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Зеавит Бен Хиллелнинг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ташрифи катта моҳият касб этди.
ТИҚХММИ ректори Ўктам Умурзаков билан элчининг мулоқоти самимий тарзда, ўзаро ҳамкорлик ва тажрибаларини алмашиш йўсинида, дўстона руҳда ўтди.
Институт ректори даставвал, ташриф учун элчи жанобларига ўз миннатдорчилигини билдириб таълим муассасасида олиб борилаётган халқаро фаолият ҳақида маълумот берди. Сўнгра институт ҳаёти ва қизғин тарздаги иш ва ўқув жараёни, замонавий технологиялар билан жиҳозланган аудитория ва лабораториялар, хорижлик талабаларнинг мамнунлиги акс этган видеоролик намойиш этилди.
Элчи жаноблари Зеавит Бен Хиллелга ТИҚХММИга ташриф ва кенг равишда танишиш иш режасидаги биринчи мақсадларидан бири бўлганини таъкидлади. Сув, суғориш муаммоси, томчилатиб суғоришнинг ўзига хос масалалари жаҳоншумул аҳамият касб этганини таъкидлаб, бунинг учун ҳамкорликда орттирилган тажрибалар муҳим эканини эътироф этди.
Исроил NETAFIM компаниясининг сув тежовчи технологияларини жалб қилган ҳолда институт ҳудудида намойиш майдончасини яратиш имкониятларини муҳокама этиш учрашувдан кўзланган асосий мақсад бўлди.
Мулоқот якунида элчига миннатдорчилик билдирилиб, эсдалик совғалари тақдим этилди. Зеавит Бен Хиллел фахрий меҳмонларнинг истаклари муҳрланадиган альбомга ўз тилакларини ёзиб қолдирди.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
Институт матбуот хизмати раҳбари