Тингловчиларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар ўргатилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳри касбий кўникмалар марказида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Марказда 2025 йил 19 октябрдан ваучер асосида касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилган. Бугунги кунга қадар мазкур тизим доирасида 12 та йўналиш бўйича 556 нафар тингловчи ўқишга жалб қилинган. Уларнинг 422 нафари таълимни муваффақиятли якунлаб, якуний имтиҳондан ўтган.
Айни пайтда 75 нафар тингловчи 6 та йўналишда таҳсил олмоқда. Улар пайвандловчи, сантехник-чилангар, электромонтёр, аёллар сартароши, замонавий пардалар тикиш, косметолог каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни эгалламоқда.
Ўқув жараёни асосан амалий машғулотларга йўналтирилган. Тингловчиларнинг давомати CRM тизими, ўқув ва имтиҳон жараёнлари эса ecosys.mehnat.uz дастури орқали назорат қилинмоқда. Шунингдек, иш берувчиларга имтиҳон жараёнларини кузатиш ва ўзларига зарур мутахассисларни танлаш имконияти яратилган.
Марказда 2024 йилда 5 минг 186 нафар, 2025 йилда 3 минг 273 нафар фуқаро касб-ҳунар бўйича ўқишни тамомлаган. Битирувчиларнинг бандлик даражаси ушбу йилларда мос равишда 94 ва 96 фоизни ташкил этган. 2026 йилда эса 491 нафар битирувчининг 89 фоизи бандлиги таъминланган.
Битирувчиларнинг бир қисми ўзини ўзи банд қилган, айримлари ишга жойлашган ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган.
[gallery-31122]
Ўрганишлар давомида хорижий тиллар, хусусан, немис тили бўйича ўқитишга хориждан буюртма бўлмагани сабабли мазкур йўналишда курс ташкил этилмагани ҳам қайд этилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА