Тинчликни асраб, фаровонликни мустаҳкамлаймиз
Тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрини инсон баъзан унинг борлигидан кўра, йўқлиги ҳақида ўйлаганда чуқурроқ англайди. Эркин меҳнат, фарзандларнинг хотиржам таълим олиши, тадбиркорлик қилиш, маҳаллада обод ва фаровон яшаш имконияти – буларнинг барчаси кундалик ҳаётимизда оддий ҳолдек кўринади. Аслида эса улар юртимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг энг муҳим самараларидир.
Жиззах вилоят Мирзачўл туманидаги “Ўзбекистон”, “Мирзадала” ва “Янгидала” маҳалла фуқаролар йиғинларида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Шукроналик” маънавий-маърифий тадбирлари ана шу ҳақиқатни яна бир бор ҳис этиш, бугунги имкониятларнинг мазмун-моҳиятини англашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Айни пайтда мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида инсон қадрини юксалтириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, маҳаллаларни обод қилиш, одамларнинг дарди ва таклифларини жойида ўрганиш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги тантанасидаги тарихий маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳам, аввало, шу мақсадларга – тинчликни асраш, халқ фаровонлигини юксалтириш ва ҳар бир инсон учун муносиб шароит яратишга қаратилган.

Мирзачўлдаги “Шукроналик” тадбирлари эса ана шу вазифаларнинг ҳаётдаги амалий кўринишини намоён этмоқда. Чунки бундай учрашувларда гап фақат байрам муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбир ҳақида эмас. Энг муҳими, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиш, одамларни ўйлантираётган масалаларни эшитиш, уларнинг таклифларини ўрганиш ва мавжуд имкониятлар ҳақида фикр алмашиш учун очиқ майдон яратилмоқда.
Суҳбатларда бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, инсон манфаатларини таъминлаш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун янги имкониятлар яратиш ва фаровон турмуш шароитини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

Одамлар билан суҳбатлашар экансиз, бир ҳақиқат янада аниқроқ намоён бўлади: тинчлик — катта-катта тушунчалардагина эмас, балки ҳар бир хонадоннинг кундалик ҳаётида намоён бўлади. Фарзандининг мактабга хотиржам бориши, оиласини боқиш учун эркин меҳнат қилиш, ўз ишини бошлаши, маҳалласида йўл, ичимлик суви, электр таъминоти каби масалаларнинг ҳал этилаётганини кўриши инсон учун фаровонликнинг аниқ ифодасидир.
Шу маънода “Шукроналик” тадбирларининг яна бир муҳим жиҳати, тинчлик ва осойишталикни шунчаки қадрлаш эмас, балки уни асраш ҳар бир фуқаронинг масъулияти эканини англатишдир. Зеро, тинчлик бор жойда меҳнат унумли, ниятлар эзгу, бунёдкорлик ишлари самарали бўлади.
Тадбирларда Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Н. Пардаев, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раҳбари О. Шукуров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими бош мутахассиси Н. Қўйлонова, Жиззах политехника институти Ижтимоий фанлар кафедраси профессори (PhD) Ҳ. Хидиров, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Мулоқотлар жараёнида миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга дахлдорлик руҳида тарбиялаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Эътиборлиси, ишчи гуруҳ аъзолари маҳаллаларда аҳоли билан бевосита суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тингладилар. Бу эса юқоридан туриб эмас, одамлар билан бирга, уларнинг эҳтиёж ва интилишларини инобатга олган ҳолда ишлаш тамойилининг амалий ифодасидир.
Мустақилликнинг 35 йиллигида бундай мулоқотларнинг мазмуни янада теран. Ўтган йилларга назар ташлар эканмиз, эришилган ютуқлар билан бирга, олдимизда турган вазифаларни ҳам кўрамиз. Президент маърузасида белгиланган янги марралар эса ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла ва ҳар бир фуқаронинг бугунги масъулиятини янада оширади.

Шукроналик ҳам шундан – бор неъматни қадрлаш билан бирга, уни асраш ва кўпайтиришга ҳисса қўшишдан бошланади.
Тинчликни қадрлаган инсон уни асрашга интилади. Имкониятни англаган инсон ундан унумли фойдаланади. Ватан тақдирини ўз тақдири билан боғлаган фуқаро эса юрт тараққиётига бефарқ қарамайди.
Демак, шукроналик кечаги ютуқларга берилган баҳо эмас, эртанги кун олдидаги масъулият ҳамдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири