Тинчлик ва осойишталикни асрашда ёшлар тарбияси муҳим
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ҳудудларда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда ёшлар тарбияси, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган профилактик тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилояти таълим муассасаларида фаолият юритаётган инспектор-психологлар томонидан ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.
Инспектор-психолог, катта лейтенант Зарнигор Тиллаеванинг таъкидлашича, ёшлар билан ишлашда уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳар бир ўқувчи билан манзилли иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.
— Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактик ёндашув муҳим. Бунинг учун ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳуқуқий ва маънавий билимларини ошириш, оила, таълим муассасаси ва жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш зарур, - дейди З.Тиллаева.
[gallery-30859]
Шу мақсадда ўқувчилар иштирокида давра суҳбатлари, тушунтириш ишлари, профилактик учрашувлар ва тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда. Ёзги таътил кунларида ҳам бу каби тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учрашувларда ёшларга ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш, турли салбий таъсирлардан ҳимояланиш масалалари юзасидан тушунчалар берилмоқда.
Бундай профилактик ишлар ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда қонунларга ҳурмат туйғусини шакллантириш ва ижтимоий фаоллигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Айни кунларда ҳудудларда Мустақиллик байрамига тайёргарлик доирасида кўчалар, маҳаллалар ва жамоат жойларини ободонлаштириш ишлари ҳам давом этмоқда.
Тинчлик ва осойишталикни асраш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бундай ишлар жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тоҳир ИСТАТОВ сурат),ЎзА