Тиббиёт ходимларига эҳтиром кўрсатилди
Андижон вилоятида тиббиёт ва фармацевтика ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Андижондаги “Яккасарой” тантаналар саройига кириб келаётган фидойи шифокорлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Инсон саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касб байрами Андижонда кўтаринки руҳда, катта тантана билан нишонланди. Вилоят тиббий муассасалари жамоаларининг илғор вакиллари, устоз шифокорлар иштирокидаги тадбирда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда сидқидилдан меҳнат қилаётган шифокорларнинг хизматлари алоҳида эътироф этилди.
[gallery-32407]
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов соҳа ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этиб, Президентимизнинг тиббиёт ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Байрам тадбирида соҳа ходимларига эҳтиром кўрсатилиб, юртдошларимиз саломатлигини сақлаш йўлида самарали меҳнат қилаётган, илғор ва фаол бир гуруҳ тиббиёт ходимлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирнинг бадиий қисмида таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, рақслар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари кунига бағишланган бу каби байрам тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бир вақтнинг ўзида бўлиб ўтди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари