Тиббиёт ходимлари фарзандларининг контракти учун субсидия берила бошланди
Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил меҳнат стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандлари учун ўқиш харажатларининг бир қисмини қоплаш жараёни бошлаб юборилди.
Айни пайтда аризаси муваффақиятли тасдиқланган ходимларнинг фарзандлари таҳсил олаётган олий таълим муассасалари ҳисобрақамларига субсидия маблағлари ўтказилмоқда. Мазкур имтиёз Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 июндаги тегишли қарорига асосан жорий этилган бўлиб, унга кўра тиббиёт ходимларининг республика олий ўқув юртлари бакалавриат босқичида ўқиётган фарзандлари учун йиллик тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи қоплаб берилади.
Ҳужжатда белгиланган шартларга кўра, ажратиладиган субсидиянинг энг юқори миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаслиги лозим. Яъни, контракт суммасининг 30 фоизи белгиланган мазкур чегарадан юқори бўлган тақдирда ҳам, тўлов қонунчиликда кўрсатилган лимит доирасида амалга оширилади.
Мутасадди идораларнинг маълум қилишича, ҳужжатлари тўлиқ кўриб чиқилиб, ижобий хулоса олган фуқароларнинг мурожаатлари бўйича олийгоҳларга маблағлар йўналтириш ишлари айни пайтда уюшқоқлик билан давом этмоқда.
М.Қосимова, ЎзА