Тиббиёт хабарлари
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш бўйича илк танловда жами 4 728 та аризадан талабларга мос деб топилган 1667 таси иштирок этди. Электрон тизим улар орасидан тасодифий танлаш орқали очиқ, шаффоф ва адолатли тарзда 125 нафар ғолибни аниқлади. Жараён вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида жонли эфирда намойиш этилди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Италиянинг "Tecniplast" компанияси вакили Эдоардо Бернардини билан учрашди.
"Tecniplast" виварийлар учун ускуналар ва лаборатория ҳайвонларини сақлашга мўлжалланган замонавий тизимларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган халқаро компания ҳисобланади.
Учрашувда компаниянинг халқаро тажрибасини "BioPharma City" фармацевтика кластери ҳудудидаги виварийни ривожлантиришда қўллаш, уни замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш ва инфратузилмасини такомиллаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, илмий-тадқиқот ишлари ва клиникагача бўлган синовларни халқаро талаблар асосида ўтказиш учун зарур шароитларни яратиш, замонавий ускуналар ва технологик ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
"Tecniplast" каби ихтисослашган халқаро компаниялар билан ҳамкорлик "BioPharma City" фармацевтика кластери илмий-тадқиқот инфратузилмасини ривожлантириш, фармацевтика соҳасининг илмий ва технологик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги «Зарур амалиётлар маркази» ДМ директори иштирокида «Янги Ўзбекистон» университети Кимё ва кимё муҳандислиги факультети талабалари билан «Карьера куни» доирасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида талабаларга GMP инспекциялари ва бошқа GxP йўналишлари, фармацевтика корхоналарини баҳолаш, дори воситалари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорлик бўйича маълумот берилди.
Мулоқотда замонавий инспекция тизимини ривожлантириш учун малакали ва билимли мутахассисларга эҳтиёж юқори экани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, ёшларни мазкур йўналишларга жалб этиш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантириш келажакда соҳа учун салоҳиятли кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув талабаларга фармацевтика соҳасидаги касбий йўналишлар ва иш имкониятлари билан яқиндан танишиш, келгуси фаолияти учун зарур кўникмаларни аниқлаш ҳамда мутахассислар билан фикр алмашиш имконини берди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказида тиббий буюмлар сифат менежменти тизимини такомиллаштириш ҳамда халқаро стандартларни миллий амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланган семинар ва муҳокама ташкил этилди.
Тадбир доирасида Сифат менежменти тизимларини сертификатлаштириш органи етакчи мутахассиси Дилдора Усмонова томонидан «ЎзМСT ISO 13485 стандартини мамлакатда татбиқ этиш ва у билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш» мавзусида тақдимот ўтказилди.
Тақдимот давомида стандарт талабларини амалиётга жорий этиш, тиббий буюмлар сифат менежменти тизимини такомиллаштириш ҳамда ушбу жараёнда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, стандартни татбиқ этиш жараёнида учраётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаш юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот учун, ЎзМСT ISO 13485 стандарти тиббий буюмларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнларида сифат менежменти тизимига қўйиладиган талабларни белгилайди. Унинг амалиётга самарали жорий этилиши тиббий буюмлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда миллий тизимнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади
***
Жорий йилнинг 27–28-октабр кунлари пойтахтимиздаги «Anhor Park» мажмуасида фармацевтика ишлаб чиқариши учун янги ечимларга бағишланган «CaPhEx-2026» халқаро кўргазмаси ташкил этилади.
Мазкур нуфузли тадбир фармацевтика соҳасидаги илғор технологиялар, инновацион ускуналар ва кенг кўламли халқаро ҳамкорлик имкониятларини бир майдонда бирлаштиради.
Кўргазма доирасида фармацевтика инжиниринги, тоза хоналар (Cleanroom), замонавий ишлаб чиқариш ва қадоқлаш ускуналари, маҳсулот сифатини назорат қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарини бошқариш (Plant Management) каби муҳим йўналишлар қамраб олинади. Унда маҳаллий мутахассислар қатори етакчи хорижий компаниялар ва халқаро экспертлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда тажриба алмашиш учун қулай шароитлар яратилади.
***
Миллий тиббиёт марказида тиббий хизмат сифатини ошириш, беморлар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, халқаро JCI стандартлари талабларига мувофиқ хавфсиз муҳитни шакллантириш мақсадида техник ходимлар учун ўқув-тушунтириш машғулоти ташкил этилди.
Машғулот давомида ходимларга JCI стандартлари доирасида хавфсизлик талабларига риоя қилиш, иш жойида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш ҳамда белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги бўйича мутахассис иштирокида ёнғиннинг олдини олиш чоралари, электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, ёнғин ўчириш воситаларини қўллаш ва фавқулодда вазиятларда эвакуация қоидалари юзасидан батафсил маълумот берилди.
***
Ҳар йили октябрь ойида кенг нишонланадиган «Пушти октябрь» кўкрак бези саратонига қарши курашиш ойлиги доирасида Ички ишлар вазирлиги Марказий госпитали томонидан хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, онкологик касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлашга қаратилган манзилли тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.
Мазкур тадбирлар режасига кўра, жорий йилнинг 8 октябрь куни Муножат Муродова томонидан ИИВ Марказий госпиталида фаолият юритаётган аёллар кўздан кечирилган бўлса, 15 октябрь куни Азиза Ташева ИИВ Марказий поликлиникасида, 22 октябрь куни Муножат Муродова ИИВ Марказий аппаратида, 29 октябрь куни эса Азиза Ташева Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тизимидаги хотин-қизлар учун махсус консультациялар ўтказади.
Ушбу тиббий мулоқотлар давомида мутахассислар аёллар саломатлигини асраш, хавфли омилларнинг олдини олиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ҳамда зарур ҳолларда чуқурлаштирилган текширувлардан ўтиш бўйича ўз тавсияларини бераётир.
***
Мамлакатимизда соҳа мутахассисларининг билим ва малакасини ошириш, тиббиётда замонавий диагностика усулларини кенг жорий этишга қаратилган илмий-амалий тадбирлар изчил давом этмоқда. Навбатдаги шундай тадбирлардан бири соҳа ходимлари ва ёдгор тадқиқотчиларга бағишланган махсус маърузадир.
Унда тиббиёт жамоатчилиги, жумладан, барча патоморфологлар, торакал онкологлар, химиотерапевтлар, клиник ординаторлар, магистратура талабалари ҳамда ушбу мавзуга қизиқувчи барча мутахассислар «Ўпка нейроэндокрин ўсмалари: морфологик ташхис ва иммуногистокимёвий текширув» мавзусидаги илмий-маърифий маърузага таклиф этилади.
Маъруза давомида ўпка нейроэндокрин ўсмаларининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг замонавий таснифи, асосий морфологик мезонлари, иммуногистокимёвий маркерлари, дифференциал ташхиси ҳамда уларнинг клиник аҳамияти батафсил ёритилади.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади — ўпка нейроэндокрин ўсмаларини ташхислаш жараёнида илғор ёндашувларни муҳокама қилиш, шифокор ва мутахассислар ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини ривожлантириш ҳамда диагностика сифатини янада оширишдан иборат.
Моҳигул Қосимова, ЎзА