Тиббиёт хабарлари
"TIIF-2026 доирасида “Ҳиндистон ва Ўзбекистон: икки давлат - янги инвестиция марказини яратиш йўлида ягона қараш” мавзусида панель сессияси бўлиб ўтди.
Мазкур сессияда Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг расмий вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Сардор Рустамбаев, Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Смита Пант, бизнес доиралари вакиллари ҳамда фармацевтика соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Сессияда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов иштирок этиб, мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, "BioPharma City" фармацевтика кластерида инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида тақдимот ўтказди.
Тақдимот давомида фармацевтика ва тиббиёт соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, замонавий инфратузилма имкониятлари ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. Ҳиндистонлик тадбиркорлар Ўзбекистон фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, "BioPharma City" кластерида инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд имтиёзларга катта қизиқиш билдирди. Шунингдек, улар сўнгги йилларда мамлакатимиз фармацевтика тармоғида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, соҳанинг жадал ривожланиб бораётганини алоҳида эътироф этди.
Тадбир Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида фармацевтика, биотехнология ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
***

Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Зафар Қосимов Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий инвестициялар агентлиги давлат маслаҳатчиси Айзада Арзматова билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида фармацевтика ва тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда фармацевтика маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашди. Учрашув давомида Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити, инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар ҳамда истиқболли лойиҳалар ҳақида тақдимот ўтказилди.
Айзада Арзматова Қирғизистон Республикасининг инвестиция сиёсати ва икки давлат ўртасида фармацевтика ҳамда тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирди. Шунингдек, фармацевтика маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошчилигидаги дистрибьюторлар ва импортёрлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
***

Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўтказилаётган "CPHI China 2026" халқаро кўргазмаси доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда "Pharm Service" ДМ вакиллари иштирокида “Uzbekistan MedPharm Forum: Market Overview, Investment & Registration” мавзусида махсус тақдимот ўтказилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон фармацевтика бозорининг ривожланиш тенденциялари, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар, амал қилаётган солиқ имтиёзлари, "BioPharma City" инновацион кластери инфратузилмаси ҳамда дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Форум якунлари бўйича халқаро компаниялар вакиллари билан B2B учрашувлар ташкил этилиб, Ўзбекистонда дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, технологиялар трансфери, GMP талабларига мувофиқ лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек дистрибуция ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, кўргазма доирасида дунёнинг етакчи фармацевтика ва тиббиёт компаниялари билан қатор музокаралар ўтказилди. Жумладан, илмий тадқиқотлар ва фармацевтика хизматлари соҳасида WuXi AppTec, инвестиция ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги бўйича "Shanghai Fosun Pharma", дори воситалари таъминоти ва дистрибуцияси йўналишида "Sinopharm Group", замонавий тиббий технологиялар соҳасида "United Imaging Healthcare" ҳамда диагностика ва тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш бўйича "Mindray" компаниялари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур мулоқотлар Ўзбекистон фармацевтика соҳасининг халқаро интеграциясини мустаҳкамлаш, стратегик ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва мамлакатга юқори технологияли инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА