Тиббиёт хабарлари
Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройида Тошкент давлат тиббиёт университетининг энг муҳим ва унутилмас тадбирларидан бири — “Битирувчи-2026” тантанали маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда соғлиқни сақлаш тизими масъуллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, соҳа фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродов битирувчиларни ҳаётнинг янги ва масъулиятли босқичига қадам қўяётгани билан қутлаб, уларнинг келгуси шифокорлик фаолиятида улкан зафарлар тилади.
Битирувчилар орасида нафақат юртимиз, балки хорижлик талабаларнинг ҳам борлиги олий таълим муассасасининг халқаро миқёсдаги нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Маросим давомида ўқиш даврида юқори натижаларга эришган, илмий ва жамоатчилик ишларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ иқтидорли талабалар ҳамда уларнинг ота-оналарига алоҳида ташаккурномалар топширилди.
Тадбир таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастури ва куй-қошиқлар билан давом этди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси анъанавий тиббиёт сифатига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этди. "The 2nd Asia-Pacific Conference on the Quality of Traditional Medicine" ҳамда "International Conference on Traditional Chinese Medicine and Herbal Medicine" халқаро конференциялари давомида Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти, шунингдек Фармацевтика техник университетининг кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва академик алмашинувни ривожлантириш бўйича имкониятлари тақдим этилди.
Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда таълим ва илм-фан соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда фармацевтика соҳаси учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди. Конференция иштирокчилари Фармацевтика техник университетида таълим ва илмий фаолиятни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва университетнинг илмий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.
***
V Халқаро фармацевтика форуми доирасида ташкил этилган “2026 йилнинг янги регулятор архитектураси: дори воситалари, тиббий буюмлар ҳамда хавфсизлик стандартлари” мавзусидаги панель сессияда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров иштирок этди.
Марказ раҳбари ўз маърузасида Ўзбекистонда дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро стандартларни миллий тизимга жорий этиш ҳамда регулятор соҳадаги рақамли трансформация жараёнлари ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, мамлакатда замонавий тиббиёт технологияларининг жадал ривожланиши, соғлиқни сақлаш соҳасининг рақамлаштирилиши ҳамда маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларнинг ортиб бориши шароитида миллий регулятор тизимини такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Қайд этилишича, бугунги кунда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш, экспертиза қилиш, сифат назорати, фармаконадзор ҳамда постмаркетинг назорати каби муҳим вазифаларни амалга оширувчи асосий регулятор ташкилот ҳисобланади.
Панель сессия давомида 2025-2026 йилларда қабул қилинган янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, тиббий жиҳозларни хавф даражасига кўра таснифлаш тизими, клиник тадқиқотларни ташкил этиш тартиби ва рўйхатдан ўтказиш досьесига қўйилаётган талаблар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, GHWP ва IMDRF каби халқаро тузилмаларнинг илғор ёндашувларини миллий амалиётга татбиқ этиш ишлари давом этаётгани таъкидланди.
Марказ раҳбари регулятор жараёнларни рақамлаштиришга ҳам алоҳида тўхталиб, дори воситалари учун ICH CTD форматидаги рўйхатдан ўтказиш досьесини жорий этиш ҳамда ҳужжатларни электрон рақамли имзо орқали тўлиқ электрон шаклда тақдим этиш тизими босқичма-босқич амалга оширилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишончли хорижий регуляторлар қарорларини тан олиш механизмлари кенгайиб бораётгани, айрим тоифадаги маҳсулотлар учун тезлаштирилган рўйхатдан ўтказиш тартиблари жорий этилгани қайд этилди.
Тадбирда мамлакатимиздаги лаборатория инфратузилмасини модернизация қилиш, ЖССТнинг баҳолаш воситаси – WHO Global Benchmarking Tool бўйича миллий тизимни такомиллаштириш, PIC/S ташкилотига аъзолик учун тайёргарлик кўриш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш устувор вазифалар сифатида белгилангани маълум қилинди.
Якунда Алишер Темиров Ўзбекистоннинг стратегик мақсади дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг бутун ҳаёт циклини қамраб олган, шаффоф ҳамда халқаро миқёсда тан олинган замонавий регулятор тизимини шакллантиришдан иборат эканини таъкидлади.
– Биз халқаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва профессионал ҳамжамият билан янада яқин интеграцияни ривожлантиришга тайёрмиз, – деди Марказ директори. – Форум доирасида ўтказилган мазкур панель сессияси Ўзбекистоннинг фармацевтика соҳасида амалга ошираётган ислоҳотларини халқаро экспертлар ҳамжамиятига тақдим этиш, шунингдек, регулятор тизимни янада такомиллаштириш бўйича ўзаро мулоқот учун муҳим майдон вазифасини ўтади.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда дори воситаларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида видео-конференц алоқа воситаси орқали онлайн йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш давомида 2026 йил 1 апрелдан бошлаб тахминан 2500 номдаги дори воситалари бўйича референт нархлар қайта кўриб чиқилгани ва пасайтирилгани маълум қилинди.
Мазкур нархлар 2026 йил 1 июнь кунидан улгуржи савдо субъектлари, 2026 йил 1 июль кунидан эса дорихоналар учун амал қилиши яна бир бор эслатиб ўтилди. Шунингдек, дори воситаларини чакана реализация қилишда тасдиқланган референт нархларга қатъий риоя этиш зарурлиги, ушбу талабларни бузган субъектларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда молиявий жарималар қўлланилиши ҳамда лицензия талаблари бузилган ҳолатларда тегишли таъсир чоралари кўрилиши мумкинлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида дорихоналар фаолиятида учраётган долзарб масалалар муҳокама қилиниб, амалдаги тартиб ва талаблар юзасидан тушунтиришлар берилди. Томонлар йил якунига қадар мазкур давлат органлари иштирокида соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш мақсадида мунтазам онлайн учрашувлар ташкил этиб боришга келишиб олди.
Йиғилиш якунида референт нархларга риоя қилиш дори воситалари нархларининг барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА