Тиббиёт хабарлари
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий сайтида мамлакатимизда болалар онкологияси соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришларга бағишланган махсус мақола эълон қилинди. Унда Ўзбекистондаги тизимли ёндашув туфайли болалар саратонини эрта аниқлаш, даволаш сифати ва беморларнинг яшаб қолиш кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланаётгани алоҳида қайд этилган.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг бу борадаги муваффақиятларида халқаро ҳамкорлик марказий ўрин тутмоқда. Хусусан, юртимиз ЖССТнинг Болалар саратонига қарши курашиш глобал ташаббуси (GICC) ҳамда Саратонга қарши дори воситаларидан фойдаланиш глобал платформасига аъзо бўлиб, қисқа вақт ичида юқори натижаларга эришгани эътироф этилган.
2025 йилда ушбу платформа доирасида олиб келинган 33 турдаги энг муҳим дори воситалари билан республика бўйлаб 1200 нафардан ортиқ бола бепул даволанди.
Шунингдек, 2026 йилнинг февраль ойида дунёга машҳур “St. Jude” болалар тадқиқот шифохонаси билан янги 4 йиллик меморандум имзоланиши миллий тиббиётимиз салоҳиятини халқаро стандартлар даражасига кўтаришда муҳим қадам бўлди.
Халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг бу соҳадаги тажрибасини бошқа давлатлар учун ҳақиқий намуна сифатида баҳоламоқда.
ЖССТ Европа бюросининг етакчи тиббий мутахассиси доктор Виталий Смелов юртимиздаги ўзгаришларни шундай ифодалайди:
«Ўзбекистондаги ислоҳотлар — миллий етакчилик ва халқаро ҳамкорлик бирлашганда, катта ўзгаришлар қилиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, инсон капиталига сармоя киритиш ва зарур дорилар таъминотини кафолатлаш орқали мамлакат янги келажак барпо этмоқда. Бу келажакда кўплаб болалар саратонни енгиб, соғлом ҳаёт кечира олади».
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда мамлакатнинг бизнес муҳити, инвестиция имкониятлари ва иқтисодий салоҳиятини халқаро аудиторияга ёритишга ихтисослашган "Bright Uzbekistan" журнали таъсисчиси Даврон Абдуллаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда тиббиёт ва фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мавжуд лойиҳалар ҳамда тармоқни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, журнал орқали мамлакатимиздаги тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги янгиликлар, инновацион лойиҳалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро аудиторияга кенг ёритиш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқот чоғида тиббиёт ва фармацевтика саноатидаги бугунги жараёнлар ва истиқболдаги режаларни профессионал медиа майдонда ёритиш бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар соҳадаги янгиликларни кенг тарғиб қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келгуси режаларни муҳокама қилди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директор ўринбосари Зафар Қосимов Тошкент вилоятида жойлашган «Бўстонлиқ-фарм» эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган фармацевтика корхоналари вакиллари билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида корхоналар фаолиятида мавжуд муаммо ва масалалар жойида атрофлича ўрганилиб, таҳлил қилинди.
Хусусан, учрашувда “Sam Med Cotton”, “Best Care” ва “Dolce Service” корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда улар учун яратилган инфратузилма ҳолати, “Naaf Medical”, “Planto Pharm” ва “CV Microbiology” корхоналарининг дори воситалари ва тиббий буюмлар экспорти салоҳиятини оширишдаги мавжуд тўсиқлар, маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини янги халқаро бозорларга олиб чиқиш ва логистика жараёнларида юзага келаётган техник масалалар, тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш жараёнларини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган бюрократик ғовлар ҳамда молиявий масалалар кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида корхоналар вакиллари томонидан билдирилган барча долзарб муаммо ва таклифларга масъулларнинг эътибори қаратилди. Аниқланган тизимли камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда амалий чора-тадбирларни кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олиниб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА