Тиббиёт хабарлари
Сўнгги йилларда дунё миқёсида болалар орасида ортопедик хасталиклар кенг тарқалмоқда. Бу ҳолат юртимизда ҳам долзарб масалалардан бирига айланган.
Афсуски, кўпгина ота-оналар бу каби касалликларнинг илк белгиларини ўз вақтида пайқамайди ёки етарлича аҳамият бермайди. Оқибатда оддий муаммо вақт ўтиши билан мураккаб хасталикка айланиб, боланинг келажак ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, бундай ҳолатларга қарши энг самарали йўл уларни барвақт аниқлаш ва тўғри даволашдир.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар шу мақсадда Тошкент вилоятининг Бекобод туманида бўлиб, аҳоли билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда болаларда учрайдиган кўкрак қафаси туғма деформацияси, сколиоз ва бошқа хавфли ортопедик хасталикларни эрта ташхислаш, уларнинг олдини олиш ва самарали даволаш усуллари ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Шунингдек, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида пойтахтлик шифокорлар томонидан болалар чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, ота-оналарга зарур тавсиялар берилди. Касаллик аниқланган бемор ўғил-қизларда эса юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш режалаштирилди.
***
Пойтахтимизда EMU University, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ҳамда Ўзбекистон Андрологлар ассоциацияси билан ҳамкорликда илмий-амалий конференция ташкил этилди.
“Урология, андрология ва репродуктологиянинг долзарб масалалари” мавзусидаги ушбу тадбирда мамлакатимиз вакилларидан ташқари Германия, Россия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон каби қатор давлатлардан етакчи олимлар, экспертлар ҳамда Европа Андрологлар ассоциацияси аъзолари онлайн ва офлайн форматда иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Бобоевнинг қайд этишича, мазкур анжуман ва унинг доирасида ўтказиладиган маҳорат дарслари ҳамда клиник сессиялар иштирокчиларни жаҳон андрологияси ва репродуктологияси соҳасидаги илғор ютуқлар билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Тошкентда “Европа ёш андрологлар мактаби” ташкил этилиши бу йўналишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беради.
Тадбирда жаҳон тиббиётидаги энг сўнгги ютуқ ва тенденциялар, соҳага доир инновацион ёндашувлар, замонавий ташхислаш ҳамда даволаш усуллари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, урология, андрология ва репродуктология соҳалари учун мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда илмий ютуқлар асосида эркаклар репродуктив тизими касалликларини даволашни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
***
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов "Huawei Tech Investment Tashkent" компанияси директори ўринбосарлари — Янь Тоюань ҳамда Сули Гайрат бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқотда юртимизда Smart Hospital (ақлли шифохона) лойиҳасини амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, лойиҳани тажриба-синов тарзида жорий этиш учун ҳудудни аниқлаш, тиббиёт муассасалари ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, ўзаро ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Ўз навбатида, компания вакиллари томонидан кадрлар тайёрлашнинг 3 босқичли тизимини жорий этиш таклиф этилди. Унга кўра, тиббиёт ходимлари ва бошқарув кадрларини ўқитиш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари мутахассисларини тайёрлаш кўзда тутилган.
Учрашув якунида рақамли тиббиётни ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
***
Миллий тиббиёт марказида франциялик етакчи мутахассислар — Ален Жерар ва Татьяна Жерар иштирокида илмий-амалий ўқув семинар ўтказилди. Семинар давомида замонавий анестезиология ва реаниматологиянинг долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.
Хусусан, 2026 йилда қўлланилаётган комбинациялашган анестезия усуллари, узоқ муддатли веноз катетерлар, анестезиологияда ультратовуш (экография) технологияларининг ривожи ҳамда амалий қўлланилиши бўйича маърузалар тақдим этилди.
Шунингдек, педиатрия йўналишида болаларда сколиоз жарроҳлигида анестезия, сув-электролит мувозанатини бошқариш, қон қуйиш тамойиллари ва оғриқни самарали даволаш масалалари юзасидан ҳам тажриба алмашилди.
Дастурга мувофиқ, иштирокчилар юрак реанимацияси бўлимига ташриф буюриб, амалий жараёнлар билан яқиндан танишди. Семинар доирасида халқаро тажриба алмашинуви ва замонавий билимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
***
Болалар миллий тиббиёт марказида Ўзбекистонда биринчи марта Халқаро болалар эндохирургияси гуруҳи (IPEG)нинг кам инвазив жарроҳлик бўйича курси ташкил қилинди.
Халқаро даражадаги "Workshop"да эндоскопик хирургия бўйича дунёнинг етакчи мутахассислари уч кун давомида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон мутахассислари учун назарий ва амалий машғулотлар ўтди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА