Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантиришда тадбиркорлар билан ҳамкорлик самаралари
Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини стратегик жиҳатдан ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолини сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан соҳа вакиллари билан мунтазам равишда очиқ мулоқотлар ва учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги Агентлик масъуллари ҳамда фармацевтика бозорида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида навбатдаги очиқ мулоқотда «Serene Pharma», «Astes Atraumatic Jarrohlik Iplari», «Bayan Medical» каби маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда «Dori-Darmon» АЖ, «Adamed Pharma», «Dr. Reddy’s» ва «Novamed Pharmaceuticals» каби йирик улгуржи савдо ташкилотларининг вакиллари ҳам иштирок этди.
Мулоқот чоғида мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқариш ва уларни реализация қилиш жараёнларида юзага келаётган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбиркорлар томонидан соҳадаги амалий фаолиятни юритиш, тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда иш жараёнларида кузатилаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича бир қатор мурожаат ва таклифлар илгари сурилди.
Агентлик мутахассислари ҳар бир муаммо юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб, уларни тезкор ҳал этиш бўйича тегишли тавсияларни ишлаб чиқди.
Таъкидлаш жоизки, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги бундай очиқ ва шаффоф мулоқотлар соҳадаги ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, мавжуд муаммоларни жойида аниқлаб, уларга ўз вақтида ечим топишда муҳим аҳамият касб этади.
Агентлик матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, келгусида ҳам тадбиркорлар билан яқин ҳамкорлик давом эттирилган ҳолда, фармацевтика бозори барқарорлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА