Тиббиёт соҳасида қандай ўзгаришлар амалга оширилди?
Соғлиқни сақлаш тизими аҳолига кафолатланган юқори сифатли тиббий ёрдам ва тиббий хизмат кўрсатадиган муассасалар тизимидир. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бир нафар шифокорга ўртача 400 нафарга яқин аҳоли тўғри келади. Республикадаги шифохона муассасаларида ўринлар сони 166,9 мингдан ошиқдир.
Соҳага давлат тиббий суғуртаси ва рақамлаштириш механизмлари билан бирга хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти ҳам кенг жорий этилмоқда. Бугунги кунда юртимизда жами 8 минг 300 та нодавлат тиббиёт ташкилоти фаолият юритмоқда. Шундан 1618 таси стационар муассаса бўлиб, уларда 45 000 дан ортиқ шифо ўрни яратилган.Қолаверса, хусусий секторда 17 минг нафардан ортиқ шифокор, 26 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари меҳнат қилмоқда. Республикамиз бўйича 20 дан ортиқ хорижий инвестицияси иштирокидаги 159 та хусусий шифохона фаолият юритмоқда.

Тошкент шаҳрида хусусий шифохоналар 1 минг 700 дан ортган бўлса, уларнинг сони Андижонда 750 тадан, Самарақанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида эса 650 дан ошди.Ҳозир хусусий тиббиёт муассасалари 200 тадан ортиқ ихтисосликлар бўйича 2 минг 250 дан зиёд тиббий хизмат турини кўрсатиб келмоқда. Натижада мамлакатимизда хусусий секторнинг умумий соғлиқни сақлашдаги улуши 30 фоизга етказилди. Хусусий тиббиёт ташкилотларининг сони ҳар йили ўртача 600-700 тага ортиб бориши кузатилмоқда.Келгусида яна ДХШ йўли билан республикамизнинг ҳар бир ҳудудида 1000-1500 ўринли кўп тармоқли шифохоналар барпо этилади.
Соҳада тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида бир қатор чора- тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қонунчиликка кўра, 2023-2024 йилларда кўп тармоқли марказий поликлиникалар, болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларини замонавий зарур тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, заиф эшитадиган болалар учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан йилига камида қўшимча 2000 та рақамли эшитиш мосламалари билан таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Давлат ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхати кенгайтирилди. 2024 йилдан бошлаб йиллик тиббий кўриклар доирасида нуронийларни мақсадли скринингдан ўтказиш дастурлари ҳам кенг жорий этилади.

“2024-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, соғлиқни сақлаш тизими бўйича аҳолининг тиббий хизматларга бўлган талабини юқорилигини инобатга олган ҳолда, қўшимча 25,8 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланмоқда. Республикада жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини ислоҳ қилиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга мазкур соҳада давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида аҳамиятли эканлигини ҳисобга олиб, спорт турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш харажатлари учун 54 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилиши режалаштирилган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида тиббиёт соҳасида ҳам улкан ўзгаришларни амалга ошириш режа қилинган. Жумладан, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, бунинг учун тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробар ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш ҳамда тиббиёт муассасаларини рақамлаштиришни 100 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Давлат раҳбарининг жорий йил 7 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2024 йил 1 январдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида вазирлик бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тиббиётни ривожлантириш жамғармаси дирекцияси ташкил этилади.
Мазкур Жамғарма маблағлари онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича юқори технологик мураккаб операцияларни амалга ошириш учун мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилиш, тиббий асбоб-ускуналар, компьютерлар, планшетлар, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари, дастурий таъминотларни харид қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ва ривожлантириш, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга республика ҳудудидаги давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларининг юқори технологик ташхис ва даволаш-профилактика хизматларини харид қилиш харажатларини қоплаш каби вазифаларни амалга ошириш мақсадида йўналтирилади.
Тиббиёт йўналишида илғор таълим стандартлари асосида юқори билимга эга мутахассислар тайёрлаш мақсадида олий тиббий таълим муассасалари сони 11 тага етказилди.Россия, Корея, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Польша, Беларусь, Украина каби қатор давлатларининг 22 та университети билан 12 та бакалавриат таълим йўналиши, 10 та магистратура ва 8 та клиник ординатура мутахассисликлари бўйича халқаро қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда инсон аъзолари трансплантацияси амалиёти жорий этилди. Бугунга келиб, бу каби мураккаб жарроҳликлар айрим ҳудудларда ҳам ўтказилмоқда. Олис ҳудудларда истиқомат қилувчи беморларга марказларнинг профессор-мутахассислари жойларга чиққан ҳолда ёрдам кўрсатадиган, ҳудудлардаги мутахассисларга маҳорат дарсларини ўтадиган тизим яратилди. Соҳага янги технологиялар жорий этилиши ҳудудлардаги ходимлар ва беморлар учун янада қулайлик яратиб, марказлардаги етук мутахассислар маслаҳатини телетиббиёт орқали ҳам олиш имконини бермоқда.
Самарқанд, Наманган, Фарғона, Андижон ва Хоразм каби вилоятларида ҳам туғма юрак нуқсони бўлган болаларда жарроҳлик амалиёти ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ўрганишларга кўра, “103” хизматида 2 минг 938 дона “Тез ёрдам” машинаси мавжудги ва шундан 648 таси ёки 22 фоизи норматив ҳужжатларга асосан янгиланишга муҳтожлиги аниқланган. Cоғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида эскирган автотранспорт воситаларини босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш ишлари олиб борилиб, республика тез тиббий ёрдам маркази автобазаси 110 та “Volkswagen Caddy” энг сўнгги русумдаги тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси барчага бирдек дахлдор. Соҳани ривожлантириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишдан эса ҳамма бирдек манфаатдордир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА