Бугунги видеоселектор йиғилишида тиббиёт кадрлари тайёрлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Мамлакатимизда ҳар йили тиббиёт олийгоҳларини 2,5 минг атрофида талаба битиради ва бу шифокорларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш учун етарли эмас. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев келгуси йилда тиббиёт олийгоҳлари бўлмаган Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Навоий, Сирдарё вилоятларида тиббиёт олийгоҳларининг филиаллари ёки факультетлари ва клиник базаларини, жумладан, нуфузли хорижий тиббиёт олийгоҳларининг қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича топшириқ берди.
Хусусан, тегишли мутасаддиларга Тошкент вилоятида тиббиёт олийгоҳи ташкил этиш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Бунда пойтахтимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари - Тошкент шаҳри, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларига;
Андижон тиббиёт институти – Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига;
Самарқанд тиббиёт институти – Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларига;
Қорақалпоғистон тиббиёт институти – Қорақалпоғистон Республикасига;
Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали – Хоразмдаги тиббиёт муассасаларига бириктирилиб, уларнинг битирувчи курс талабалари амалиётини бевосита ўзлари бириктирилган ҳудудда ўтайди ва дипломни шу ердан олади, - деди Президент.
ЎзА