Тиббиёт муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Сирдарё вилоятида она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида халқаро даражадаги муҳим қадам ташланди. Республика ихтисослаштирилган оналик ва болалик саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиали, Туркиянинг Medical Park клиникалар гуруҳи ҳамда “Ўзбегим” ассоциацияси ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур келишув замонавий тиббий хизматларни жорий этиш, юқори технологияли даволаш усулларини қўллаш ҳамда маҳаллий мутахассислар салоҳиятини оширишга қаратилган.
Меморандум доирасида суяк илиги ва орган трансплантацияси, онкология, юрак-қон томир жарроҳлиги, нейрохирургия, ортопедия, акушерлик ва гинекология каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш, мураккаб клиник ҳолатларда видео алоқа орқали маслаҳатлашувни ҳамда бепул “иккинчи фикр” хизматини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Шунингдек, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари учун Туркия ва Ўзбекистонда қўшма ўқув дастурлари ташкил этилади.
Ҳамкорликни амалда мустаҳкамлаш мақсадида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали раҳбари, акушер-гинеколог Шаҳло Хўжаева Туркия Республикасига ташриф буюрди. У “Medical Park Antalya” клиникасида замонавий ташхис ва даволаш усуллари, юқори малакали жамоа фаолияти билан яқиндан танишди.
Шаҳло Хўжаева таъкидлашича, уч томонлама тузилган ҳамкорлик меморандуми Сирдарё вилояти тиббиёти учун муҳим имкониятлар яратади. Medical Park каби халқаро нуфузга эга клиникалар тармоғи билан ҳамкорлик қилиш орқали шифокорларнинг билим ва тажрибаси янада бойийди, оналик ва болалик саломатлиги соҳасида кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ошади.
Келгусида Сирдарё вилояти шифокорлари, жумладан акушер-гинекологлар, неонатологлар, реаниматологлар ва ҳамширалар учун Туркия клиникаларида малака ошириш курслари ва амалий стажировкалар ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, аёллар саломатлигини скрининг қилиш, онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва замонавий операция жараёнларини амалий равишда ўзлаштириш имкониятлари яратилади.
Мазкур меморандум юридик шартнома ҳисобланмаса-да, у томонларнинг ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик асосида ҳаракат қилишга бўлган қатъий ниятларини акс эттиради. Бу ҳамкорлик Сирдарё вилоятида тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.
Шу муносабат билан Шаҳло Хўжаева Medical Park клиникаларида илғор жарроҳлик амалиётларида бевосита иштирок этди. Хусусан, профессор ва онкогинеколог Меҳмет Каража раҳбарлигида тухумдон рак ўсмаси билан боғлиқ мураккаб операцияда у иштирок этди. Амалиёт юқори хавфли бўлиб, ўсмани максимал даражада тўлиқ олиб ташлаш билан бир вақтда беморнинг ҳаётий муҳим аъзолари ва репродуктив функциясини сақлаб қолишни талаб қилди.
– Бундай мураккаб онкогинекологик операцияларда ҳар бир қарор нозик мувозанатга асосланади, – дейди Шаҳло Хўжаева. – Асосий мақсад — онкологик хавфни бартараф этиш билан бирга аёлнинг ҳаёти сифати ва репродуктив саломатлигини сақлаб қолишдир. Medical Park клиникаларида мазкур принцип асосида олиб борилаётган амалиёт мен учун катта тажриба бўлди.
Амалиёт давомида қўлланилган диагностика ва жарроҳлик ёндашувлари Сирдарё вилоятида онкогинекологик беморларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу тажриба маҳаллий мутахассисларга илғор халқаро технологиялар ва клиник алгоритмларни ўзлаштириш имконини бериб, онкология соҳасида хизмат кўрсатиш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири