“Тиббиёт фидойиси” республика танлови ғолиблари тақдирланди
Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тизими вакиллари учун байрам тадбири ташкил этилди. Унда тизим мутасаддилари, пойтахт ҳокимлиги масъуллари, соҳа ходимлари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди. Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов саломатлик посбонларини касб байрами билан табриклаб, Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли соҳада эришилаётган энг муҳим ютуқ ва натижаларни эътироф этди.
Тадбир доирасида илк бор ўтказилган “Тиббиёт фидойиси” республика танловининг бир қатор ғолиблари пул мукофотлари билан тақдирланди. Байрам дастурининг бадиий қисмида элимиз суйган санъаткорлар томонидан шифокорлар меҳнати, Ватан ва эзгуликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
***
Тошкентдаги «Gustave Roussy International Uzbekistan» марказида саркома – хавфли ўсма турини даволашга бағишланган халқаро конгресс бўлиб ўтди.
Унда Франциянинг машҳур «Gustave Roussy» онкология марказидан етакчи мутахассислар – тиббий онколог, патоморфолог ва онкожарроҳлар қатнашди. Анжуманда саркомани аниқлаш ва лабораторияда текшириш усуллари, қўл-оёқ ва бошқа соҳалардаги ўсмаларни операция қилиш йўллари, замонавий дори-дармонлар ва янги тиббий ёндашувлар муҳокама қилинди. Мураккаб касаллик ҳолатлари юзасидан шифокорлар ўзаро фикр алмашди.
***
Тошкент давлат тиббиёт университетида “Only English” – “Тиббиётда илмий тадқиқотлар ва амалиёт ютуқлари” мавзусида ёш олимларнинг халқаро илмий-амалий анжумани ташкил этилди. Гибрид форматда ўтган нуфузли тадбирда маҳаллий ва хорижий ёш тадқиқотчилар ўзларининг илмий маърузалари ҳамда инновацион ғоялари билан иштирок этиб, тиббиёт соҳасидаги замонавий ёндашувлар, илм-фан ва амалиёт интеграциясига оид долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Анжуман ёш олимларнинг илмий салоҳиятини янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.
***
Корея Республикасида бўлиб ўтаётган ICMRA халқаро саммити доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази вакиллари Сингапур Соғлиқни сақлаш фанлари бошқармаси (HSA) ҳамда Бразилия Миллий санитария назорати агентлиги (ANVISA) раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Сингапур томони билан дўстона ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиб, дори воситалари экспертизаси, фармаконазорат, лаборатория назорати ва рақамлаштириш каби бешта устувор йўналиш бўйича қўшма йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Бразилиянинг ANVISA агентлиги билан музокараларда эса икки идора ўртасида яқин ҳамкорлик меморандумини имзолаш масаласи атрофлича кўриб чиқилиб, шериклик ҳужжати лойиҳаси юзасидан зарур таклиф ва мулоҳазаларни тез фурсатда тақдим этишга келишилди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов «Генериум» компанияси вакиллари ҳамда Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти масъуллари билан учрашди. Учрашувда клиник тадқиқотлар, биотехнологиялар, технологиялар трансфери ва фармацевтика ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш, хусусан, Дюшенн мушак дистрофиясини даволашга мўлжалланган ген терапияси препарати бўйича клиник синовлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида “BioPharma City” инфратузилмасидан фойдаланиш ва дори воситаларини яратишда рақамли ечимларни қўллаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилиб, якунда Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ва «Генериум» компанияси ўртасида ушбу соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА