Бугун дунё миқёсида тиббиётга бўлган талаб ва эҳтиёж ҳар қачонгидан юқори. Республикамизда ҳам ана шулардан келиб чиқиб, тиббиёт фанлари йўналишида олиб борилаётган илмий изланишлар ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этилиши аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, даволаш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда 46 та талабгор фан доктори, 229 та талабгор тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктор илмий даражаларида тасдиқланди. Ҳимоя қилинган диссертация тадқиқотлари орқали сурункали юрак етишмовчилиги, турли хил ёндош касалликлар билан кечганда буйраклардаги функционал фиброз ўзгаришларнинг хусусиятлари ва унда комплекс даво самарадорлиги, камқонлик билан кечаётганда буйрак ҳамда юракдаги фиброз жараёнларига антианемик давонинг таъсири исботланди. Бундай касалликда ичаклардаги микроб мажмуаси бузилишининг иммун яллиғланиш тизимига таъсири баҳоланди.
Ревматоид артритга чалинган беморлар клиник хусусияти ва касаллик фаоллиги, шунингдек, бўғим синдромидан келиб чиқиб, ген полиморфизмига боғлиқ ҳолда ревматоид артрит клиник кечишининг ўзига хосликлари ва уни даволашнинг самарали усули аниқланди. Реактив артритли (яъни, инфекция хисобига юзага келувчи артритлар) беморларда бўғим тузилмаларидаги ўзгаришларни эрта аниқлашда тоғай олигомер матрикс оқсилининг ўрни ва эрта давонинг клиник самарадорлиги исботланди.
Буйрак усти бези ўсмалари клиник, гормонал, визуализацион ва иммуногистокимёвий томондан комплекс баҳоланиб, эрта ташхислаш кўрсаткичлари такомиллаштирилди. Акромегалиянинг таянч-ҳаракат тизими асоратлари мавжуд беморларда суяк метаболизми бошқарилишида ўсиш гормони ва инсулинга ўхшаш ўсиш омилларининг аҳамияти баҳоланиб, уларни эрта ташхислаш ҳамда даволаш усуллари такомиллаштирилди.
Сурункали гастрит билан оғриган беморларда патоморфологик ва функционал боғлиқликлар таҳлили асосида кейинчалик ошқозонда атрофик, мета ва диспластик жараёнлар хавфини башоратлаш тизими такомиллаштирилди.
Кўз жароҳатларини даволашда антибактериал хусусиятларга эга бўлган плёнкали биоқоплама ишлаб чиқилди. Кўзи ожизликнинг асосий сабабларидан бири бўлган диабетик кўз ретинопатиясини эрта ташхислаш ва уни консерватив даволаш усули яратилди.
Соматик патология фонида оғиз шиллиқ қавати ва периодонт соҳаси касалликларини даволаш ва уларнинг профилактикаси такомиллаштирилди. Юқори нафас йўллари касалликлари оқибатида юзага келувчи хорлама (хуррак отиш)нинг бурун орқали нафас олиши бузилган беморларда текширишнинг полисомнография усули билан статистик жиҳатдан муҳим кўрсаткичлари ва қонда кислород босимини ўлчаш асосидаги боғлиқлик натижалари исботланди.
Тиббиёт фанлари бўйича илмий натижаларнинг амалиётга жорий этилиши билан юрак ва бошқа зарарланган аъзоларида қон айланишнинг яхшиланиши орқали шифохонага қайта ётиш ва умумий ўлим ҳолатлари камайди ҳамда бўғим тоғайида эрта емирилиш шаклланганда негизли даво асосида эрта ногиронликнинг олдини олиш бўйича ижобий натижа қўлга киритилди.
Шунингдек, дастурий гемодиализ қабул қилувчи беморларни парваришлашда юрак қон-томир касалликларини профилактика қилиш ва даволаш орқали беморларнинг яшовчанлик кўрсаткичи ошди, буйрак усти бези ўсмалари мавжуд беморларнинг электрон маълумотлар базасини яратиш, улар тўғрисидаги барча маълумотларни бирлаштириш, тезкор ташхис қўйиш ва уларнинг динамик мониторингини ўтказиш имкониятини кенгайтирди.
Тиббиёт фанлари соҳасида фаолият олиб бораётган олим-мутахассислар ва тадқиқотчилар бундан буён ҳам мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини жаҳон талаблари асосида ривожлантириш, аҳолига сифатли ва кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт фанлари йўналишидаги илмий тадқиқотлар сифати ва самарадорлигини оширишда фаол иштирок этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА