Тиббий хизматлар сифатини ошириш бўйича муҳим чоралар кўрилади
Президент қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази” давлат муассасаси тиббий фаолиятни лицензиялаш бўйича ишчи орган сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан лицензия бериш ҳамда лицензиялаш билан боғлиқ бошқа барча функцияларни амалга оширади.
Тиббиёт ташкилотларида тиббий хизмат сифатини назорат қилиш бўйича алоҳида тузилма фаолиятини йўлга қўйиш лицензия талаб ва шартлари этиб белгиланади.
Тиббий фаолиятни лицензиялаш талаб ва шартларига риоя қилиниши ҳамда тиббий хизмат сифатини назорат қилиш бўйича текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартиби жорий қилинади.
Текширув ўтказаётган назорат қилувчи органга нисбатан илгари текширилган фаолият даври, предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказилмаслигига оид талаблар татбиқ қилинмайди.
Ўтказиладиган профилактика тадбирлари тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларни кўздан кечириш орқали амалга оширилиши мумкин.
Тиббиёт ташкилотларини миллий аккредитациядан ўтказиш ваколати белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган тиббиёт соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳам берилади.
ЎзА