Тиббий суғурта: шифохоналар янги тартибда маблағ билан таъминланади
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда бюджет маблағларидан манзилли ва оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тиббий хизматларни молиялаштиришнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бўстонлиқ туманида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамкорлигида шифохоналарни молиялаштиришнинг янги тизимига бағишланган халқаро семинар ўз ишини бошлади.
Семинарнинг асосий кун тартибидан клиник-харажат гуруҳлари (DRG — Diagnosis-Related Groups) асосида тўлов тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга босқичма-босқич жорий этиш масалалари ўрин олган.
Маълумки, анъанавий молиялаштириш тизими кўпинча муассасанинг ўтган даврдаги харажатлари ёки ўринлар сонидан келиб чиққан ҳолда шаклланар эди. Клиник-харажат гуруҳлари (DRG) тизими эса бутунлай бошқача ёндашувни талаб қилади. Унга кўра, шифохонага давлат томонидан тўланадиган маблағ беморнинг аниқ ташхиси, даволаниш жараёнининг оғирлик даражаси, ҳолати ва кўрсатилган тиббий ёрдамнинг реал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бу эса соғлиқни сақлаш тизимида шаффофликни ошириш, маблағларнинг айнан бемор манфаатлари ва муолажа сифатига йўналтирилишини таъминлашга хизмат қилади.
Тадбир давомида хорижлик экспертлар томонидан илғор хорижий давлатлар амалиётидаги DRG тизимини жорий этиш босқичлари, учрайдиган қийинчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари юзасидан батафсил тақдимот қилинмоқда. Шунингдек, маҳаллий мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, тиббиёт муассасаларида ҳисоб-китоб ва маълумотларни рақамлаштириш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Мазкур семинар-тренинг жорий йилнинг 17 октябрига қадар давом этади. Унинг якунлари бўйича тиббиётни молиялаштиришнинг янги механизмини синовдан ўтказиш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича келгуси вазифалар белгилаб олинади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА