“The Independent” бош муҳаррири Ўзбекистонга ташриф буюрди
Замонавий Британия матбуотининг энг нуфузли нашрларидан бири бўлган “The Independent” бош муҳаррири Жорж Грейгнинг мамлакатимизга расмий ташрифи Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва халқаро медиа ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим воқеа бўлди.
Жорж Грейгнинг 35 йиллик тажрибаси ва унинг раҳбарлигида нашрнинг муваффақиятини ҳисобга олсак, бу ташриф ортида мамлакатнинг муҳим қадамжоларини “кашф этиш” стратегияси ётганини кўриш мумкин.
Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги позициясини кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ташриф дастурининг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби асосий туризм марказларини қамраб олгани бежиз эмас.

Масалан, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва замонавий арт-маконлар билан танишув пойтахтнинг нафақат тарихий, балки инновацион маданий марказ сифатидаги ролини кўрсатди.
Самарқанддаги Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси ва Имом ал-Бухорий мажмуаси каби объектлар эса нафақат тарихий мерос, балки диний ва маданий туризм салоҳиятини очиб берди.
Мазкур ташрифни қисқа муддатли PR воқеаси сифатида эмас, балки узоқ муддатли медиа ҳамкорликнинг бошланиши сифатида кўриш тўғрироқ бўлади. Чунки бугунги кунда туризм ривожи кўп жиҳатдан “storytelling” ва визуал контент орқали шаклланади.

Агар “The Independent” платформасида Ўзбекистон ҳақида мақолалар, репортажлар ёки махсус лойиҳалар эълон қилинса, бу нафақат туристлар оқимини оширади, балки инвесторлар ва халқаро ҳамжамият эътиборини ҳам жалб этади.
Жорж Грейгнинг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатнинг очиқлиги, маданий бойлиги ва замонавий ривожланиш йўлини халқаро майдонда тарғиб қилишдаги муҳим қадамлардан биридир.
Бу воқеа глобал медиа билан самарали ҳамкорлик қилиш орқали туризм, маданият ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар очиб беради.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА