Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси борасида жойларда соҳа фаолиятини янги босқичга кўтариш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиалида ҳам узлуксиз ишлайдиган хизмат кўрсатиш инфратузилмаси йўлга қўйилди. “Call-марказ”, Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам маркази ва иншоотлари, автомобиль парки ана шулар жумласидан.
– Бизнинг йўналиш анча йиллардан бери соғлиқни сақлаш соҳасида тарқоқ бўлиб, эътибордан четда қолаётган эди. Президентимизнинг ғамхўрлиги сабаб тез тиббий хизматни замон талаблари асосида ташкил этиш имконини берди, – дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиали раҳбари Адҳамжон Ирисбоев. – Аввал автомобиллар алоҳида автокорхонага, шаҳар тез тиббий марказлари Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига, туманлардаги эса тиббиёт бирлашмага бўйсунган. Бошқарув тарқоқлиги туфайли кўп муаммоларга дуч келганмиз.

Филиал шакллантирилгач, ягона бошқарув тизими вужудга келди. Биринчи навбатда, 1085 нафар шифокор, 3180 нафар ўрта, 243 нафар кичик тиббиёт ходими, 1 минг 312 нафар ҳайдовчидан иборат 14 та марказлашган, 124 та шохобча шакллантирилди. Сифатли хизмат кўрсатиш учун қулай жойларда замонавий бинолар ажратилди. Ҳозирда битта тез тиббий ёрдам станцияси, 129 та пост ташкил этилган. Айни пайтда 234 та тез тиббий ёрдам бригадаси кеча-кундуз эл хизматида.

Қайд этиш керакки, автомобиль паркини жаҳон андозаларидаги транспорт воситалари билан тўлдириш устида изчил иш олиб борилмоқда. Эътиборлиси шундаки, “Volkswagen Caddy”, “Hunday”, “Nissan” ва “Toyotta-3” русумли махсус машиналар юқори техник кўрсаткичга эгалиги, ҳаракатланиши юқорилиги ва ихчамлиги билан ажралиб туради.

Тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида шакллантирилган филиал автоматлаштирилган вертикал бошқарув асосида фаолият кўрсатмоқда. Бу эса куч ва воситаларни бир вақтда, бир мақсадга йўналтириш имконини беряпти. Вилоят бўйича чақирув қўнғироқларини қабул қилувчи кол-марказда 44 нафар оператор 24 соат хизмат кўрсатади.
Илгари чақирувни ёзиб олиш, уни ижрочиларга етказишга ўнлаб дақиқалар кетар, норозиликлар

келиб чиқарарди. “Call-марказ” мавжудлиги, чақирувлар электрон шаклга ўтказилгани, уяли алоқа ва интернет тармоқларига улангани туфайли бу жараён анча қисқарди. Бу тежалган куч ва воситалар ҳисобига “тиғиз вақт”, яъни кечки соат 18:00 дан эрталабки 06:00 гача фельдшерлик гуруҳлари икки ҳисса кўпайтирилмоқда.

Айни вақтда Наманган вилоятида тез тиббий ёрдам бригадалари ишини тубдан яхшилаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, кадрлар малакасини ошириш, фаолият доирасини кенгайтириш, 112 хизмати билан интеграциялашув, муаммоли вазиятларни бартараф этиш борасида чоралар кўрилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали билан масофавий диагностикани йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг “Citis” компанияси ҳамкорлигида “Call-марказ” барпо этиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.