Прeзидeнт қарорлари – ҳаётда ва назоратда
2022 йилнинг 5 май куни Президент раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
– Тиббиёт тизимидаги ислоҳотларимизни одамлар, биринчи навбатда, тез тиббий ва шошилинч ёрдамда бўлган ўзгаришларни кўргандагина ҳис қилади. Инсон соғлиғи ва унинг ҳаётини сақлаб қолишда «олтин соат» оралиғида биринчи ёрдам кўрсатувчи бўғин, албатта, тез тиббий ва шошилинч ёрдам ҳисобланади. Айтиш жоизки, ушбу соҳа эътибордан четда қолиб кетган эди. Мана, сўнгги беш йилда ушбу ҳаётий муҳим соҳаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича катта ишларни бошладик, – деган эди давлат раҳбари.
Сўнг Президентимиз 2022 йил 16 июнда "Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорни имзолади. Унда тез тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш вазифалари белгиланди. 2022-2025 йиллар давомида эксплуатация муддатини ўтаб бўлган, маънан эскирган 2183 та «Дамас» ва бошқа русумли автотранспорт воситаларини зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган махсус автомобилларга босқичма-босқич алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятидан чиқарилаётган 10 йилдан кўп фойдаланилмаган соз ҳолатдаги «Дамас»ларни бошқа даволаш-профилактика муассасаларига тиббий хизмат транспорти сифатида топшириш билдирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида эскирган автотранспорт воситаларини босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш ишлари аллақачон бошланган. Беморлар ҳаётини сақлаб қолиш, уларга бирламчи ва сифатли хизмат кўрсатиш йўлидаги ишлар ўз самарасини бермоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 27 майдаги тегишли қарорига биноан янги ва замонавий русумдаги тез тиббий ёрдам автомашиналарини харид қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жиззах автомобиль заводи ўртасида тез тиббий ёрдам машиналарини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган эди.

Республика тез тиббий ёрдам маркази автобазаси “Volkswagen Caddy” русумли сўнгги авлод тез тиббий ёрдам машиналари билан бойиди.
– «Жиззах» ЭИЗда «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш ташкил этилган, – дейди корхона бош муҳандиси Фарҳод Маматкаримов. – Ҳозирги вақтда «А» тоифали “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналари тиббиёт муассасаларига етказиб бериляпти. Автомобиллар шаҳар транспортида юқори сифат ва яхши техник кўрсаткичлар билан ажралиб туради. Тоғли йўлларда ҳам бемалол ҳаракат қила олади.
– Халқаро тажриба асосида "А, В, C" тоифали «Тез ёрдам» автомобилларини марказларга етказишга жиддий эътибор қаратилмоқда, – дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Жиззах вилояти филиали директори Қаюм Солиев. – Ушбу автомашиналар тез тиббий ёрдам жамоаси ишини янада такомиллаштиришга мўлжалланган. Жиззах вилоятига тез тиббий ёрдам хизматига ажратилган замонавий машиналар узоқ йиллар халқимиз манфаатлари учун хизмат қилади.
– Топшириқлар ижроси юзасидан барча вилоятларга етказиб берилаётган реанимобиллар тез тиббий ёрдам хизматини аҳолига янада яқинлаштирди, – дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази раҳбари Абдувоит Ғафуров. – Шу боис тез ёрдамнинг кечикиш ҳолатлари камайди. Автотранспорт воситаси халқаро талабларга тўла жавоб беради, унинг ичи бемор ва шифокор учун қулай.

Бундан ташқари, беморнинг аҳволига қараб махсус жиҳозлар ҳам ўрнатилади. Энг муҳими, ҳаракатдан тўхтамай туриб ҳам беморга тиббий ёрдам кўрсатиб кетиш мумкин. Келгусида харид қилиниши режалаштирилган яна 640 та тез тиббий ёрдам машинаси ҳам “Hunday”, “Ford”, “Volkswagen”, “Iveco” каби жаҳон брендларига тегишли бўлади.
Бундан беш йил олдин тез тиббий ёрдам тизимида 1868 машина хизмат кўрсатган. Бугунги кунда 2865 автомобиль беморларга хизмат кўрсатмоқда, шунингдек, махсус автомашиналар парки 60-70 фоизга янгиланди. Фойдаланилаётганига 8 йилдан ошган тез тиббий ёрдам автомашиналарини янгилаш йўлидаги амалий ишлар босқичма-босқич давом этяпти.
Биринчи босқичда 230 дона B тоифадаги "Ford" реанимобиллари Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига етказиб берилди. Натижада 2022 йилда бундай замонавий автоуловлар сони 541 тага етди.
Иккинчи босқичда 1000 дона А тоифали тез тиббий ёрдам машинаси харид қилиниши кўзда тутилган бўлиб, шу мақсадда Осиё тараққиёт банки лойиҳаси асосида кредит маблағлари ажратилган. Бу орқали тизимдаги эскирган “Damas” автомобилларини янгилаш кўзда тутилмоқда.
Ҳозиргача қарийб 340 та “Volkswagen Caddy” жойларга етказиб берилди. Ушбу автомобиллар тақсимоти ҳудудлардаги аҳоли сони ва тез тиббий ёрдам машиналарини янгилаш эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилмоқда. Тез ёрдам тизимидаги барча автомобиллар 100 фоиз GPS билан таъминланган.
Бугунги кунда юртимизда 80 мингдан ортиқ шифокор, 350 минг нафардан ортиқ ўрта бўғин ходимлари, саломатлик посбонлари эл хизматида. "103" тез тиббий ёрдам хизмати республика, вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилган.
Диспетчерлик марказлари чақирувларни беморнинг аҳволи, касаллик тури ва даражасига қараб саралайди, шунга асосан тегишли тиббий жамоани йўналтиради. Тез тиббий ёрдам туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, балки беморгача масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатмоқда. Тез тиббий ёрдамга чақирув бўлганда етиб бориш вақти яқин беш йилда ўртача 25-30 дақиқадан 8-12 дақиқагача қисқарди.
“Болам, болам, кўзингни оч, ҳозир тез ёрдам келади...”
Тун қоронғуси, ҳамма ширин уйқуда бўлган онда Ўғилой ва Нодирнинг уйида чироқ милтиллайди. Улар қизи Мунисани шундай овутгандек кўринади, аммо кўпроқ бу далда ўзларига қарата айтилган. Бири жонсарак қизчанинг нафас олишига кўмаклашади. Бири эса тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ қилишга шошади. Қизчадаги бу касалликни даволашга уринган шифокорлар ота-онадан доим ҳушёр бўлишларини сўраган.
Бу манзилга тез-тез чақирув бўлгани сабаб келувчи шифокорлар беморнинг аҳволини билади ва ёрдамга ошиқади. Шифокорлар, тиббиёт ходимларининг фаолияти мана шундай кунлар билан давом этаверади. Зеро, ҳар бир лаҳза бемор ҳаётини сақлаб қолишда муҳимдир.
Барно МEЛИҚУЛОВА,
ЎзА мухбири