Технология ва геосиёсат кесишган нуқта: сунъий интеллект ва глобал ҳукмронлик
XXI асрда глобал ҳукмронлик учун кураш янги босқичга кўтарилди. Аввал давлатлар ҳарбий қудрат, иқтисодий салоҳият ёки табиий ресурслар орқали устунликка эришган. Энди эса рақобат майдонига технология, айниқса сунъий интеллект чиқмоқда. Сунъий интеллект (AI) нафақат инновацион тараққиётнинг асосий драйвери, геосиёсий таъсирни белгилайдиган стратегик омилга айланди.
Сўнгги йилларда қудратли давлатлар – АҚШ, Хитой ва Европа Иттифоқи таркибидаги қатор мамлакатлар сунъий интеллект соҳасида етакчилик учун кенг кўламли режа тузмоқда. Халқаро таҳлил марказлари ва экспертлар таъкидлашича, сунъий интеллект технологиясини назорат қилганлар глобал иқтисодий ва сиёсий жараёнга таъсир ўтказиш имконига эга бўлади. Демак, AI фақат технологик инновация эмас, балки геосиёсий ресурс сифатида баҳоланмоқда.
Сунъий интеллект ҳарбий соҳада қўлланиши мазкур рақобатни янада кескинлаштирмоқда. Ақлли қурилмалардан алоҳида қуроллар тизими, дрон, кибер амалиёт ёки разведка жараёнида фойдаланиш давлатларга анъанавий ҳарбий устунликдан ташқари яна кўплаб имкониятлар яратади.
Мутахассислар фикрича, келажакда можаролар “ақлли технология уруши” шаклида намоён бўлиши мумкин. Бу халқаро хавфсизлик тизимида мутлақо янги чақириқни юзага келтирмоқда.
СИ иқтисодий рақобатнинг ҳам асосий воситасига айланмоқда. Ҳадсиз маълумот (big data), алгоритм ва автоматлаштириш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, молиявий бозорни бошқариш ва янги рақамли платформа шакллантириш имконияти давлатлар иқтисодий қудратини белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, ўта жадал ривожланаётган Хитой рақамли иқтисодиёти ва АҚШ технология гигантлари ўртасидаги рақобат глобал бозорда янги кучлар мувозанатини ҳосил қилган.
Бундан ташқари СИ ахборот маконидаги таъсир доирасини ҳам кенгайтирмоқда. Ижтимоий тармоқ, алгоритмик тавсия тизими ва рақамли контент орқали жамоатчилик фикрини шакллантириш муҳим сиёсий воситага айланди. Айрим юртлар ахборот уруши, нохолис ахборот ва руҳий таъсир усуллари орқали СИдан фойдаланиб ўз геосиёсий манфаатини илгари сурмоқда. Натижада демократия, ахборот хавфсизлиги ва жамоатчилик онгига таъсир кўрсатиш масалалари янада долзарб тус оляпти.
Экспертлар таъкидлашича, сунъий интеллект устидан назорат XXI асрда глобал ҳукмронликнинг янги шаклини белгилайди. Бу жараён технологик совуқ уруш, деб аталяпти, чунки давлатлар аро рақобат очиқ ҳарбий тўқнашувдан кўра, кўпроқ технология, инновация ва маълумот устидан назорат учун кечмоқда.
Шу нуқтаи назардан СИ ривожи давлатлар ташқи сиёсати устуворлигини қайта шакллантирмоқда. Айрим мамлакатлар технология мустақиллигига эришишни стратегик мақсад сифатида белгиламоқда, бошқалари эса халқаро ҳамкорлик орқали инновация экотизимини ривожлантиришга уринмоқда. Бинобарин, айни жараёндаги технологияни эгаллаш имконияти номутаносиблиги глобал тенгсизликни янада кучайтириши мумкин.
СИ соҳасидаги стандарт ва қоида учун кураш ҳам геосиёсий рақобатнинг муҳим йўналишига айланди. Яъни, AI этикаси, маълумот муҳофазаси ва технологиядан фойдаланиш қоидасини белгилайдиган давлат ёки тузилма глобал рақамли тартибни шакллантиришда устунликка эга бўлади. Бу халқаро ҳуқуқ ва бошқарув тизимида янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Хуллас, замонавий геосиёсатнинг асосий унсурларидан бирига айланиб улгурган сунъий интеллект нафақат технология тараққиёти, балки глобал кучлар мувозанати ва ҳукмронлик учун кураш шартини ҳам белгиламоқда.
СИ атрофидаги рақобатнинг яна бир муҳим жиҳати маълумотни назорат қилиш масаласидир: AI тизими самарадорлиги, аввало, ўқитиш учун зарур улкан ҳажмли ахборотга боғлиқ. Шу боис давлатлар ва технология корпорациялари маълумотни тўплаш, сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Мутахассислар фикрича, кўпроқ ва сифатли маълумотга эга томон технология устунлигига эришади. Шу тариқа маълумотни стратегик ресурс сифатида баҳолаш тенденцияси кучаймоқда.
Айни пайт рақамли суверенитет тушунчаси ҳам тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Кўплаб давлатлар муайян маълумотни хорижий платформалардан ҳимоя қилиш, миллий сервер ва маҳаллий рақамли экология тизимини ривожлантириш орқали технология мустақиллигига интилаётгани кузатилмоқда. Бу жараён бир томондан хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади, иккинчи томондан глобал интернет макони фрагментацияси, яъни “рақамли девор” пайдо қилади. Натижада, ягона глобал рақамли муҳит ўрнига бир-бири билан рақобатлашувчи технология гуруҳи шаклланиши эҳтимоли ортади.
СИ соҳасидаги рақобатда хусусий секторнинг аҳамияти ҳам ортмоқда. Йирик технология компаниялари, айниқса АҚШ ва Хитойда жойлашган корпорациялар инновация, инвестиция ва илмий тадқиқот орқали ташқи сиёсатга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Айрим ҳолатларда муайян жамоанинг молиявий ва технологик имконияти, ҳатто, айрим давлатлар салоҳиятидан ҳам устун келмоқда. Натижада технология гигантлари геосиёсий жараёнда мустақил куч сифатида намоён бўляпти.
Экспертлар эътибор қаратаётган яна бир жиҳат – сунъий интеллект ривожининг ижтимоий-сиёсий оқибати: автоматлаштириш ва роботлаштириш меҳнат бозорини тубдан ўзгартиряпти. Бу эса баъзиўлкаларда ишсизлик, ижтимоий тенгсизлик ва сиёсий беқарорлик хавфини ошириши мумкин. Шу нуқтаи назардан AI нафақат ташқи сиёсат, балки ички барқарорликка ҳам таъсир кўрсатувчи омилга айланяпти. Давлатлар бу жараённи бошқариш учун янги ижтимоий сиёсат механизм ишлаб чиқишга мажбур бўлмоқда.
Бундан ташқари сунъий интеллектнинг ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳати ҳам халқаро миқёсда жиддий баҳс-мунозара келтириб чиқаряпти. Автоном қуролдан фойдаланиш, шахсий маълумот ҳимояси, алгоритмдаги дискриминация каби муаммолар глобал қоида ва стандарт ишлаб чиқишни тақозо қиляпти. Мамлакатлар ўртасида ишонч етишмаслиги, рақобат кучлилиги эса бу борада умумий келишувга эришишни қийинлаштирмоқда.
Шу ўринда ривожланаётган давлатлар учун янги имконият билан бирга хавф таҳдиди юзага келаётганига ҳам эътибор қаратиш зарур. Бир томондан СИ технологияси иқтисодий ўсишни тезлаштиради, давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлайди, таълим, тиббиёт соҳаларига инновация жорий этиш имконини беради. Иккинчи томондан эса технологик қарамлик, интеллектуал ресурс оқими ва рақамли инфратузилма етишмовчилиги бирор томонни глобал рақобатда ортга суриши мумкин. Шу боис муайян давлатлар учун мувозанатли стратегия ишлаб чиқиш масаласи ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, СИ XXI асрда глобал ҳукмронлик учун кураш майдонига айланди. Шу орқали мамлакатлар иқтисодий устунликка эришиш, сиёсий таъсирни кенгайтириш ва хавфсизликни таъминлашга интилмоқда. Афсуски, бу жараён янги хавф-хатарларни ҳам юзага чиқармоқда. Шунинг учун келажакда сунъий интеллектдан фойдаланиш фақат рақобат эмас, балки масъулият ва ҳамкорлик тамойили асосида бошқарилиши шарт. Акс ҳолда технология инсоният тараққиёти учун имконият эмас, балки янги зиддиятлар манбаига айланиши эҳтимоли мавжуд.
Мусулмон Зиё, ЎзА