Келажак ёшлар ғоялари билан қурилади
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Тошкент тажрибаси” лойиҳаси доирасида “Келажак ёшлар ғояси билан қурилади” мавзусида кенг кўламли фестиваль ташкил этилди.
Тадбир давомида ўқувчи-ёшлар томонидан амалга оширилаётган инновацион ишланмалар, стартап ғоялар ва амалий лойиҳалар тақдимотлари намойиш этилди.

Ёшларнинг ижодкорлиги, ташаббускорлиги ва замонавий билимларга интилиши меҳмонлар томонидан юқори баҳоланиб, бундай лойиҳалар келажак тараққиётининг муҳим омили экани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, мазкур тадбир таълим тизимидаги илғор ёндашувларни оммалаштириш, ёшларнинг инновацион фикрлашини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамият касб этди.

Фестиваль якунида таълим сифатини янада ошириш, илғор тажрибаларни кенг жорий этиш ҳамда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муҳим фикр ва таклифлар билдирилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА