Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар билан суҳбат ўтказилмоқда
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2026-2027 ўқув йили учун техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш бўйича суҳбат ўтказиш жараёни бошланди.
Тасдиқланган жадвал асосида бугун бакалавриатнинг мактабгача таълим йўналишига суҳбат ўтказилмоқда.
Суҳбат жараёнига институтнинг малакали профессор-ўқитувчилари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутахассислари, соҳада муваффақиятли фаолият юритаётган педагоглар жалб қилиниб, абитуриентларнинг тайёргарлиги муносиб баҳоланмоқда.

Шунингдек, жараённинг адолатли, очиқ ўтиши институтнинг коррупцияга қарши кураш “Комплаенс-назорат” тизимининг бошқарув бўлими масъуллари ва республика миқёсидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан назоратга олинган.

– Кегейли туманидаги 3-сонли сервис техникумини аъло баҳолар билан тугатиб, шу институтнинг мактабгача таълим йўналишига имтиҳон топшириб чиқдим. Суҳбат адолатли тарзда, белгиланган қонун талаблари доирасида ўтказилмоқда. Берилган саволларнинг барчасига жавоб бериб, юқори натижага эришдим. Худо хоҳласа шу даргоҳнинг талабаси бўлиб, юқори салоҳиятга эга малакали кадр бўлиб етишиб, келажак авлодлар тарбиясига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман, – дейди Гўзал Исметуллаева.
Маълумот учун, суҳбат натижалари институтнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири