Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, абитуриент имтиҳонга микрокалькулятор, луғат, китоб, жадвал, компьютер, уяли телефон, шпаргалкалар, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситаларни олиб киришга ҳаракат қилса, улардан фойдаланса, тест материалларини бошқа абитуриентга узатса, уларга ёрдам берса, бир-бири билан гаплашса, тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса, имтиҳон вақти тугаганда тест материалларини топширишдан бош тортса ҳамда абитуриентларнинг тегишли тартиб-қоидага амал қилмагани видеокузатувлар орқали аниқланса, улар тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади.
Шунингдек, абитуриент томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент кириш имтиҳонларидан ёки абитуриент талабаликка қабул қилинган бўлса, олий таълим муассасаси талабалари сафидан четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.
Афсуски, жорий йилги тест синовларида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан тўғри фойдаланмаётган абитуриентлар ҳам учраб турибди.
Хусусан, Самарқанд вилоятида ўтказилган тест синовларида кимё фанидан тест топшириқлари акс этган 7101863 рақамли тест топшириқлари китобининг варағини йиртиб чиққан абитуриент Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 52-бандига мувофиқ имтиҳон жараёнларидан четлатилди.
Қайд этилишича, абитуриентнинг тест топшириқлари китобининг варағини йиртиб олиб чиқиб кетиши видеокузатув орқали аниқланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА