Тошкентда Ўзбекистон – Иордания фармацевтика форуми ўтказилади
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бошчилигидаги делегациянинг Иорданияга ташрифи доирасида “Jordan Association of Pharmaceutical Manufacturers” билан ўтказилган учрашувда томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжат доирасида декабрь ойида Тошкент шаҳрида Ассоциация ва унга аъзо компаниялар иштирокида махсус Ўзбекистон – Иордания фармацевтика форумини ташкил этишга келишиб олинди.
Ушбу форум маҳаллий ва Иордания фармацевтика компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлик лойиҳалари ва инвестициявий имкониятларни кенгайтириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Dar Al Dawa компанияси вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилди.
Унда маҳаллий фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассислар алмашинуви, корхоналар бошқарувини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий рақамли технологиялар ва IT-ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Dar Al Dawa 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, дори воситаларини ишлаб чиқариш ва халқаро бозорларга етказиб бериш бўйича катта тажрибага эга Иордания фармацевтика компанияси ҳисобланади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА