Жиззах вилояти ички ишлар ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати бошқармалари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Суриядаги халқаро террорчилик ташкилоти сафига бориб қўшилишни режалаштирган фуқаро қўлга олинди.
Пахтакор туманида яшовчи, 21 ёшли фуқаро Хайдамқул Байдамқулов (исми-шарифи ўзгартирилди) 2019-2021 йиллар мобайнида катта миқдорда пул ишлаб топиш мақсадида хорижий давлатларда бўлди-ю, ҳеч омади чопмади, иши у қадар юришмади. Ана шу вақт мобайнида Хайдамқул “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотининг ғоявий таъсирига тушиб қолди.
Фикрлари ўзгарган Х.Байдамқулов доимий яшаш манзили – Пахтакор туманига қайтиб келади. Ўзи яшайдиган туманда ушбу халқаро террорчилик ташкилоти ёлловчилари ғояларини уларнинг топшириғига кўра, 10 нафардан ортиқ тенгқури орасида фаол тарғиб қилиш билан шуғулланади.
Буларнинг барчаси мутасадди идора ходимлари томонидан аниқлангач, Хайдамқул Сурияга бориб, халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишни режалаштирган бир пайтда Жиззах вилоят ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди.
Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Энди у ноқонуний ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.
А.Қаюмов, ЎзА