Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали профессор-ўқитувчилари Сурхондарё вилояти марказидаги маҳаллаларда бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ана шундай тадбирлардан бири Термиз шаҳридаги Маърифат маҳалласида ташкил этилди.
Тиббий кўрикда филиал директори Фурқат Отамурадов бошчилигида олий таълим муасасасининг педиатр, акушер-гинеколог, терапевт, хирург, онко-гинеколог, кардиолог, невропатолог, окулист, уролог, дерматовенеролог, эндокринолог, лор, травматолог, инфекционист, ультра товуш текшируви ва бошқа шифокорлардан иборат малакали мутахассислар иштирок этди.

Президентимиз жорий йил 18 март куни мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида тиббиёт ходимларини тайёрлайдиган олий таълим муассасалари олдига ҳам муҳим вазифаларни қўйган эди. Шунга мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали ҳам зарур чораларни белгилаб олди.

–Мазкур тиббий кўрикни ташкил этишдан мақсад эса Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида аҳолининг тиббий билим ва маданиятини оширишга ҳамда касалликларни илк даврида аниқлаб, даволаш чораларини кўришда бирламчи тиббиёт муассасаларига яқиндан кўмаклашишдан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат, – дейди Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали директори Ф.Отамуродов. – Бу жараёнда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” да рўйхатда турган юртдошларимиз соғлигига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, ётиб қолган беморлар хонадонига бориб, тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Уларнинг тезроқ оёққа туриб кетиши учун рухий далда берилиб, тегишли муолажалар тавсия этилмоқда.

Маърифат маҳалласида 5 минг 300 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Чуқурлаштирилган тиббий кўрик чоғида 200 га яқин киши мурожаат этиб, соғлигини кўрикдан ўтказди. 20 дан ортиқ бола, ўнга яқин ногиронлиги бор ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тиббий кўрикка жалб этилди.

–Асабим тез-тез ўзгарадаган бўлиб қолган, – дейди Кимё Воҳидова.–Уйқумда ҳаловат йўқдек туюлади. Гоҳо бошим айланиб, оғрийди. Хотирам ҳам сусайиб қолган. Тез чарчайман. Мутахассислар аҳволимни чуқур ўргангач, зарур муолажаларни тавсия этди. Соғайиб кетишим учун тегишли маслаҳатларни берди. Бундан жуда хурсанд бўлиб, ўзимни енгил ҳис эта бошладим.

Термиз шаҳридаги Паттакесар маҳалласида ўтказилган тиббий кўрикда олий таълим муассасасининг 20 дан ортиқ малакали шифокори иштирок этди. Касаллик аниқланган беморларни даволаш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик доирасида волонтёр талабалар аҳолининг тиббий билим ҳамда маданиятини ошириш учун уйма-уй юриб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи буклет ва брашюралар тарқатмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА