Термиздаги «Фаровон» массиви замонавий қиёфа касб этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Боғишамол маҳалласида жойлашган «Фаровон» массивида аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда ҳудуднинг меъморий қиёфасини янада яхшилашга қаратилган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Лойиҳа доирасида 165 минг 147 квадрат метр ҳудуд ободонлаштирилиб, кўп қаватли уйлар атрофи тўлиқ тартибга келтирилди. Санитария-экологик ҳолат яхшиланиб, аҳоли учун озода ва шинам муҳит яратилди.
Фуқароларнинг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида массивдаги 3,5 километр ички йўл бетон ва асфальт қопламаси билан таъмирланди. Бу транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракати учун янада қулай шароит яратди.
Шунингдек, массивдаги 37 та кўп қаватли турар жойнинг ташқи фасади тўлиқ реконструкция қилиниб, биноларнинг ташқи кўриниши замонавий меъморий ва эстетик талаблар асосида янгиланди. Натижада ҳудуднинг шаҳарсозлик қиёфаси янада файзли ва жозибадор тус олди.
Ободонлаштириш ишлари доирасида 15 минг 514 квадрат метр майдонда газон барпо этилиб, янги яшил ҳудудлар ташкил қилинди. Бу экологик муҳитни яхшилаш, ҳаво сифатини ошириш ҳамда аҳоли дам олиши учун қулай масканлар сонини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
Болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва хавфсиз вақт ўтказиши учун массивдаги 42 та болалар майдончаси ҳам қайта таъмирланиб, замонавий ўйин жиҳозлари билан жиҳозланди.
[gallery-30467]
Амалга оширилган ишлар аҳоли турмуш сифати ва яшаш шароитини янада яхшилаш, шаҳар муҳитини обод ва замонавий қиёфага келтириш ҳамда Термиз шаҳри инфратузилмасини изчил ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
ЎзА фотомухбири
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар