Термизда халқаро касбий таълим маркази иш бошлайди
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети қошида “Сурхондарё вилояти халқаро касбий таълим маркази” ташкил этилади.
Янги марказда Германиянинг дуал таълим тизими ва Хитойнинг таълим-ишлаб чиқариш интеграцияси қўлланилади. У “муассаса-корхона ҳамкорлиги” асосида талабалар ўқишни битириши билан юқори даромадли иш билан таъминлашга кўмаклашади.
Лойиҳа доирасида инглиз ва хитой тилларини чуқур ўргатиш йўлга қўйилади. 30 миллион доллар инвестиция ҳисобига робототехника, дронлар ва сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилиши режалаштирилган. Таълим жараёнига Хитойдан 200 нафар мутахассис жалб этилади.
Марказда сунъий интеллект, замонавий қишлоқ хўжалиги, электромобиллар таъмири, тўқимачилик ва мехатроника йўналишларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ректори Расул Тўраев, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари Хитойнинг “Жанубий Осиё” таълим гуруҳи (South Asia) вакиллари Гуо Лижун, Фенг Юан, Ҳоу Ле ва Ду Мингхуан билан учршувда марказни ташкил этиш масалаларини муҳокама этиб, тегишли вазифаларни белгилаб олди.
Мулоқот чоғида, шунингдек, университетда янги энергия манбалари асосида ишлайдиган автомобиллар бўйича қўшма лаборатория ташкил этиш, хорижлик мутахассислар билан профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш ва истиқболли қўшма таълим дастурларини амалиётга жорий қилиш юзасидан ҳам келишувларга эришилди.
Учрашув якунида меҳмонлар университетнинг “Сурхон геологияси” музейи билан танишиб, вилоятнинг бой минерал ресурслари намуналарини кўздан кечирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири