Термизда ўқувчилар ҳарбий-спорт мусобақасида куч синашди
Термиз умумқўшин дала полигонида мактаб ўқувчилари ўртасида “Шижоат майдони” ҳарбий-спорт мусобақаси ўтказилди. Унда ёшлар жисмоний тайёргарлик, чаққонлик, мерганлик ва жамоавий ҳамкорлик бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди.
Ўқувчиларнинг кузги таътилини мазмунли ташкил этиш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий соҳага қизиқишини ошириш мақсадида ташкил этилган беллашувда Термиз шаҳридаги бешта умумтаълим мактабининг “Ватан таянчи” ҳаракати аъзоларидан иборат жамоалар қатнашди. Ҳар бир мактабдан ўн нафардан, жами 50 нафар ўқувчи иштирок этди.
Мусобақа тўққизта шарт асосида ўтказилди. Иштирокчилар сунъий қояга чиқиш, мажмуавий эстафета, камондан ўқ отиш, от миниш, “Моҳир мерган” ва бошқа йўналишларда ўзаро куч синашди.
Беллашувлар давомида ўқувчилар нафақат жисмоний тайёргарлиги, балки тезкор қарор қабул қилиш, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракатланиш ва мураккаб вазиятларда ўзини тута билиш кўникмаларини ҳам намойиш этди.
Мусобақанинг якуний маросимида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги, вилоят таълим ва мудофаа ишлари бошқармалари вакиллари ҳамда ҳарбий фахрийлар иштирок этди.
Тадбирда бундай мусобақалар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда интизом, масъулият, ирода ва жамоавий ҳамкорлик кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
[gallery-32396]
Якуний натижаларга кўра, Термиз шаҳридаги 19-умумтаълим мактабининг “Ватан таянчи” отряди ғолибликни қўлга киритиб, мусобақа кубоги билан тақдирланди. Шунингдек, фаол иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА