Хитой Тайпейида U20 ёш тоифасида футбол бўйича Осиё кубоги саралаш босқичида Ўзбекистон U20 терма жамоаси “B” гуруҳида юз фоизлик натижа қайд этиб, 12 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринда финал босқичига йўл олди.
Фарҳод Нишонов бошчилигидаги терма жамоаси “B” гуруҳидаги сўнгги ўйинда Баҳрайн термасини йирик 5:0 ҳисобида таслим қилди. Учрашувдаги голларга Дилшод Абдуллаев (26), Муҳаммадали Ўринбоев (61), Нурлан Иброҳимов (80, 86), Далер Тухсанов (89) муаллифлик қилди. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, футболчиларимиз саралаш босқичида Камбоджани 7:0, Непални 6:0 ва Хитой Тайпейини 3:1 ҳисобида таслим этди.
Энди Ўзбекистон U20 терма жамоаси 2025 йилнинг 6-23 февраль кунлари Хитойда ўтадиган U20 Осиё кубогида иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА