"TePe Sigeman & Co Chess Tournament 2026": Магнус олтин, Абдусатторов бронза медалини қўлга киритди
Швециянинг Мальмё шаҳрида ўтказилган “TePe Sigeman & Co Chess Tournament 2026” халқаро турнирида Нодирбек Абдусатторов совриндорлар қаторидан жой олди.
ФИДЕ рейтингида етакчилик қилаётган собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсен, ҳиндистонлик Аржун Эригаиси, туркиялик 14 ёшли вундеркинд Ягиз Каан Эрдоғмуш сингари маҳоратлилар билан кечган муросасиз баҳсларда терма жамоамиз сардори Абдусатторов ўз ўйин услубини намойиш қилгани билан ажралиб турди.

7 та турдан иборат бўлган баҳслар давомида Нодирбек 1 та ғалаба, 6 та дуранг натижани қайд этди.

Ўтказилган ўйинлар сарҳисобига кўра, Аржун Эригаиси ва Магнус Карлсен 5 очко жамғариб, ғолибликка асосий даъвогарлик мақомига кўтарилди. Улар ўртасида ўтган тай-брек баҳсида Норвегия вакили 2:1 ҳисобида устунликка эришди ва олтин медални қўлга киритди. Ўз навбатида, Эригаиси кумуш, Абдусатторов бронза медалига эга чиқди.
Т.Рўзиев,
ЎзА