Теннисчиларимизни жиддий синов кутмоқда
Ўзбекистон Дэвис кубогида Филиппинга мағлуб бўлди, ҳал қилувчи баҳс Иорданияга қарши
Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида теннис бўйича давом этаётган “Дэвис кубоги III гуруҳ Осиё/Океания минтақаси мусобақасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ босқичидаги иккинчи учрашувини Филиппинга қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Яккалик баҳсларида жамоамиз вакили Сергей Фомин Альберто Лимни 6:4, 6:2 ҳисобида мағлуб этиб, Ўзбекистон ҳисобига дастлабки очкони келтирди. Шу билан бирга, Амир Милушев Эрик Жуниор Оливаресга қарши кечган учрашувда 3:6, 2:6 ҳисобида имкониятни бой берди ва умумий ҳисоб тенглашди.
Ғолиб номи жуфтлик баҳсида аниқланди. Дамир Абдусамадов ва Абдулазиз Усмонжоновдан иборат Ўзбекистон жуфтлиги Фрэнсис Кейси Алкантара ҳамда Рубен Гонсалесга қарши кураш олиб борди. Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳснинг биринчи сети тай-брейкка қадар етиб борди. Якунда рақиблар 7:6 (7:2), 6:4 ҳисобида устун келиб, Филиппинга ғалабани тақдим этди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи турни мағлубият билан якунлади. Энди гуруҳ босқичидаги ҳал қилувчи учрашувда вакилларимиз Иордания терма жамоасига қарши кортга чиқади. Ушбу баҳс жамоамизнинг мусобақадаги кейинги тақдирини белгилаб беради.
Эслатиб ўтамиз, теннисчиларимиз бундан аввал Сингапур термасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА