Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 687 йиллиги муносабати билан «Темурийлар Ренессанси: тарих, тадқиқотлар ва муаммолар» мавзуида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Фанлар академияси вице-президенти, атоқли шарқшунос олим Баҳром Абдуҳалимов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори, темуршунос олим Хуршид Файзиев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Амир Темур Халқаро хайрия жамоат фонди раиси Муҳаммад Али Соҳибқирон таваллудининг 687 йиллиги билан боғлиқ тадбирлар Конституциявий ислоҳотларга оид муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум арафасида ўтаётгани, янгиланаётган Бош Қомусимизда илм-фан аҳлига эътибор алоҳида ўрин эгаллашини таъкидлади.
[gallery-11350]
Анжуманда қайд этилганидек, Соҳибқирон бобомиз буюк давлатчиликка асос солган. Унда қонунийлик, адолат, саховатпешалик, илму маорифга рағбат, ғамхўрлик, хайрихоҳлик устувор ўрин эгаллаган эди.
– Амир Темур даври билан боғлиқ тадқиқотларда ёшларимиз катта авлод вакиллари ишларидан кўчириб эмас, ўзлари хорижий тилларни пухта эгаллаган ҳолда илмда янгича ёндашув асосида изланиш олиб боришларини истардим, – деди Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг профессори, тарих фанлари доктори Дилором Юсупова. - Институтимизда Темурийлар даврига оид манбалар жуда кўп. Уларни пухта тадқиқ этиш ёшларнинг вазифасидир.
– Темур ва темурийлар даврига оид қўлёзмаларнинг араб ёзувида бўлган нусхалари кўп ўрганилган, – деди Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, филология фанлари доктори Қосимжон Содиқов. – Шу билан бирга темурийлар даврига оид уйғур ёзувли қўлёзмалар кўп. Уларни чуқур ўрганиш ҳам долзарбдир.
Анжуманда шунингдек, «Қиссаи Темур» асарида Соҳибқироннинг ёшлиги, Амир Темур давлатчилигининг ижтимоий-фалсафий моҳияти, «Махзан ул-асрор» асарининг уйғур ёзувли қўлёзмаси Темурийлар даври китобат санъатининг нодир ёдгорлиги сифатида, Мирҳонднинг «Равзул ус-сафо» асарининг Москвада сақланаётган нусхаси ҳақида ва яна кўплаб қизиқарли мавзуларда маърузалар муҳокама этилди. Zoom платформаси орқали ўтган мазкур анжуман иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА