Нукусда Ўзбекистон нотариусларининг III Миллий конгресси бўлиб ўтди
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида Ўзбекистон нотариусларининг “Ижро хатлари ва далилларни таъминлаш: расмийлаштириш, муаммолар ва таклифлар” мавзусида III Миллий конгресси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Юристлар малакасини ошириш институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси каби ўнга яқин ташкилот ва муассаса вакиллари, шунингдек, 350 нафардан зиёд нотариус иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов, Халқаро нотариуслар Иттифоқи Президенти Давид Фигуероа Маркес ҳамда Қирғиз Республикаси Нотариал палатаси раҳбари Симбат Рисқулова сўзга чиқиб, мазкур анжуманнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, нотариат соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда нотариуслар фаолиятида учраётган айрим муаммоларга тўхталди.
Таъкидланганидек, тизимда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатини таъминлашга қаратилган. Хусусан, коррупциянинг олдини олиш, ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш, аҳолига тезкор, қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш асосий мақсад этиб белгиланган. Айниқса, соҳанинг жадал рақамлаштирилиши натижасида янги нотариал ҳаракатлар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Конгрессда янги нотариал ҳаракатлар — ижро хатлари ва далилларни таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди. Бу борада Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази вакили Умид Валиев “Ижро хатларини ёзиш жараёнини рақамлаштириш: амалиёт, муаммолар ва таклифлар”, Тошкент вилояти Зангиота туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ўткиржон Мухторов “Ижро хатларини ёзиш: амалиёт, муаммолар, таклифлар”, МИБ Ҳуқуқни таъминлаш ва халқаро ҳуқуқий алоқалар бўлими бош инспектори Зафарбек Атаджанов “Нотариус ижро хатлари ижросини таъминлаш: амалиёт, муаммолар, таклифлар”, Нукус шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Арухан Аметова “Далилларни таъминлаш: амалиёт, муаммолар, таклифлар”, Қорақалпоғистон Республикаси судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Еркин Ўтениязов “Ижро хатлари ҳамда далилларни таъминлаш бўйича суд амалиёти” мавзуларида маъруза қилди.
Конгрессда кўтарилган иккинчи муҳим масала — далилларни таъминлаш мавзусига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда интернет ва рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бир шароитда шахснинг дахлсизлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишда нотариал тартибда далилларни таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Ўзбекистоннинг Халқаро нотариуслар Иттифоқига аъзо бўлганига кўп вақт бўлгани йўқ ва у халқаро нотариат ҳамжамиятидаги нисбатан ёш тизимлардан бири ҳисобланади. Бироқ ғайрат, садоқат ва профессионал ёндашув мавжуд бўлган жойда институционал ёш ҳеч қандай тўсиқ бўла олмайди. Ўзбекистон нотариати Иттифоқимиз учун фаол ва кучли нотариуслар жамияти эканини аллақачон исботлади, – деди Халқаро нотариуслар Иттифоқи Президенти Давид Фигуероа Маркес.
[gallery-29706]
Конгресс якунида бугунги куннинг долзарб масалалари юзасидан таклифлар тингланиб, уларни амалиётга жорий этиш истиқболлари белгилаб олинди. Икки кун давом этган анжуман иштирокчилари Оролбўйининг диққатга сазовор жойлари билан танишишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.