«Темурбеклар мактаби» – билим, интизом ва ватанпарварлик маскани
Фарғона шаҳридаги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейида ёшларнинг пухта билим эгаллаши, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар соҳиби бўлиб улғайиши, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Айни пайтда мазкур таълим муассасасида 323 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу ерда инглиз ва рус тиллари, физика, математика ҳамда кимё фанларини чуқур ўқитишга алоҳида эътибор қаратилган. Бугунга қадар 60 нафардан зиёд лицей тарбияланувчиси хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқловчи сертификатларга эга бўлган. Ёшлар республика ва халқаро фан олимпиадаларида ҳам муносиб натижаларга эришиб келмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров лицейга ташриф буюриб, ўқувчилар билан мулоқот қилди, уларнинг таълим олиш жараёни, қизиқишлари ва келгусидаги режалари билан танишди.
Самимий мулоқот давомида ҳарбийлик Ватанга садоқат, юксак масъулият, матонат ва фидойиликни талаб этадиган шарафли касб экани таъкидланди. Юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва мамлакат хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли вазифани адо этишда мустаҳкам билим, қатъий интизом ва юксак ироданинг аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Ташриф асносида «Ёш авиамоделчилар» тўгараги аъзолари томонидан яратилган ишланмалар ва уларнинг техник имкониятлари намойиш этилди. Ўқувчиларнинг муҳандислик, конструкторлик ҳамда замонавий технологияларга бўлган қизиқиши юқори баҳоланди. Шунингдек, лицей тарбияланувчиларининг ҳарбий кўргазмали чиқишлари тақдим этилди.
[gallery-32701]
Вилоят ҳокими ёшларнинг билимга интилиши, изланувчанлиги ва эришаётган ютуқларини эътироф этиб, уларга келгуси ўқишлари ва эзгу мақсадлари йўлида муваффақият тилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА