“Темур тузуклари билимдони” танлови ўтказилди
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги олдидан
Мамлакатимизда буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлашга қаратилган ишлар изчил ва тизимли давом этмоқда. Бу жараён нафақат тарихга эҳтиром, балки келажак авлод тарбиясига қаратилган мустаҳкам маънавий дастур сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борада аниқ мақсад ва устувор вазифаларни белгилаб берди. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар мазмун ва таъсир жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ёшлар ўртасида ўтказилган “Темур тузуклари билимдони” танлови ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди. У оддий беллашувдан кўра кенгроқ маъно касб этиб, ёш ҳарбийлар учун маънавий сабоқ, тафаккур синови ва ватанпарварлик мактабига айланди.
Танлов Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши, Жиззах ҳарбий прокуратураси, Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди. Турли куч тузилмалари ва таълим муассасаларидан сараланган энг муносиб иштирокчилар билим ва заковатда ўзаро беллашдилар.
Беллашувлар Амир Темурнинг давлатчилик ва ҳарбий санъат борасидаги бебаҳо қомуси — “Темур тузуклари” асари асосида ўтказилди. Унда мужассам бўлган адолат, қатъият, интизом ва стратегик фикрлаш тамойиллари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани танлов жараёнида яна бир бор яққол кўринди. Иштирокчилар нафақат асар мазмунини пухта ўзлаштирганини, балки уни таҳлил қилиш, замонавий воқелик билан боғлаш ва мустақил хулоса чиқариш қобилиятини ҳам намойиш этдилар.
Айниқса, савол-жавоб ва тест синовлари давомида ёш ҳарбий хизматчиларнинг тезкор фикрлаши, кенг дунёқараши ва нутқ маданияти алоҳида эътиборга лойиқ бўлди. Бу эса уларнинг фақат жисмонан эмас, балки маънан ҳам етук кадрлар сифатида шаклланаётганидан далолат беради.
[gallery-28539]
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунида муносиблар сараланди. Биринчи ўрин Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси Исломжон Иномжоновга насиб этди. Иккинчи ўринни ДХХ Чегара қўшинлари вакили Баҳром Латифбоев, учинчи ўринни эса вилоят божхона бошқармаси ходими Шерали Муяссаров эгаллади.
Ғолиб ва иштирокчиларни тақдирлаш маросими танловнинг мантиқий якунига айланиб, ёшларда янада катта иштиёқ ва масъулият туйғусини уйғотди. Жами 65 нафар ёш ҳарбий хизматчи қамраб олинган мазкур тадбир уларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини мустаҳкамлаш, Ватанга садоқат ва бурчга фидойилик каби фазилатларни кучайтиришга хизмат қилди.
Эътиборлиси шундаки, бу каби танловлар орқали Президент қарорида белгилаб берилган вазифалар амалда рўёбга чиқмоқда. Чунки Амир Темур меросини чуқур ўрганиш — бу фақат тарихни билиш эмас, балки давлатчилик тафаккурини англаш, масъулият ва адолат мезонларини ҳаётга татбиқ этиш демакдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари