Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) фаолияти билан шуғулланиш учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.
Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Махсудов маъруза қилди:
— Кейинги йилларда мамлакатимизда телекоммуникациялар соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, ўтган даврда телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизматлар кўрсатиш учун лицензия бериш тартиби соддалаштирилди. Энг муҳими, лицензия берганлик учун йиғимлар ва давлат божи тўловларини ягона биллинг тизими орқали амалга ошириш тартиби белгиланди. Аммо телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизматлар кўрсатишга доир лицензиянинг амал қилиши учун белгиланган йиллик давлат божларининг миқдори юқорилиги ҳамда давлат божини тўлашнинг амалдаги тартиби мураккаблиги мазкур соҳадаги тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришни чеклаб қўймоқда.
Агар хорижий давлатлар қонунчилигига эътибор қаратадиган бўлсак, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Озарбайжон ҳамда Арманистон Республикаларининг амалиётида телерадио йўналишида фаолият олиб бораётган субъектлардан бирмунча арзон давлат божи ундирилади. Ушбу тажрибаларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Хусусан, телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизматлар кўрсатишга доир лицензия берганлик учун давлат божининг миқдорини 50 фоизга камайтириш белгиланмоқда. Давлат божини йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилмоқда. Шунингдек, маъмурий ислоҳотлар натижасида қайта ташкил этилган ижро этувчи ҳокимият органининг номини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Шунингдек, телерадиоэшиттириш тизимини модернизация қилишга, миллий мазмундаги дастурларни тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга замин бўлади. Истеъмолчиларга замонавий миллий мазмундаги дастурларни тақдим этиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳаси назарда тутилган муддатлардан кечикиб киритилганини қайд этишди. Шунингдек, бир қатор аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташладилар.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА