Ангрен шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабида “Оталар учрашуви” бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, нуронийлар, ўқувчиларнинг оталари, васийлари, педагоглар, ОАВ вакиллари қатнашди.
Таъкидлаш жоизки, бу галги мулоқот фақат оталар учун ташкил этилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу мактаб “Телефонсиз мактаб” ташаббусини биринчилардан бўлиб амалиётга жорий қилган.

Тадбирда Зойир Мирзаев бугунги кунда дунёда юз бераётган воқеалар, мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган эътибор, мактаб ва оила ҳамкорлигининг долзарблиги, фарзанд тарбиясида отанинг ўрнини алоҳида таъкидлади. Болаларни касбга йўналтириш, улар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасидаги таклифлар ўртага ташланди.

Маълумки, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент вилояти ҳокимининг умумтаълим мактаб директорлари билан ўтказган очиқ мулоқотида таълим муассасаларида “Телефонсиз мактаб” тизимини жорий этиш, телефондан фойдаланмаслик таклифи илгари сурилган эди. Хусусан, бу Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам белгилаб қўйилган.

Мазкур қарор ва таклиф ижросини таъминлаш юзасидан, Ангрен шаҳридаги 13- ва 17-сонли умумтаълим мактабларида “Телефонсиз мактаб” тизими жорий этилиб, ўқувчиларнинг эътибори устозлар томонидан берилаётган билимларни янада чуқурроқ эгаллашга қаратилди. Шунингдек, ота-оналар кузатув кенгаши билан мактаб маъмурияти ҳамкорликда йиғилиш ўтказиб, телефондан таълим муассасасида умуман фойдаланмаслик таклифи илгари сурилди ва бу барча томонидан маъқулланди.
Учрашувда Тошкент вилояти ҳокими мазкур лойиҳани фаол қўллаб-қувватлагани учун 17-умумий ўрта таълим мактаби директори Зебо Маҳкамовага 300 миллион сўм пул мукофотини топширди. Ушбу мактаб 50 кундан буён янги лойиҳани фаол амалиётга татбиқ қилмоқда.


Бу ташаббус вилоятнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам оммалашмоқда.
А.Мусаев, ЎзА мухбири